2021 йилнинг 15 декабрь кунига қадар республикада аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ 213 та ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати раҳбари маълум қилди.

Қайд этилган ҳолатларнинг 66 таси фавқулодда вазият сифатида рўйхатга олинган. Ҳодиса оқибатида 125 киши вафот этган ва 115 киши жабрланган.

ФВВ ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қайси сабабларга кўра юзага келишини таҳлил қилиб чиқди:

  • фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
  • ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

Шунингдек, газ-ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш, портлаш ҳамда ёнғин келиб чиқиши ҳолатлари ҳам таҳлил қилинганда ёнғинларнинг 36,3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши туфайли юзага келиши маълум бўлган.

Бундан ташқари, ҳолатларнинг 27,1 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 13,6 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9,9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида, 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 31 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.

ФВВнинг маълум қилишича, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар учта содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан ва аянчли оқибатларга олиб келган.