Ўзбекистонда Совет Иттифоқи давридаги уран конлари фаолияти натижасида 4 млн тонна радиоактив чиқиндилар тўпланиб қолган. Бу ҳақда Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинган.

Унда айтилишича, радиоактив чиқиндилар муаммоси нафақат Ўзбекистонда, балки, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд.

Хусусан, Қозоғистонда 240 миллион тонна, Қирғизистонда 132 миллион тонна, Тожикистонда 42 миллион тонна, Ўзбекистонда эса 4 миллион тонна радиоактив чиқинди бор.

Маълум қилинишича, ушбу чиқиндилар жойлашган ҳудудларда экологик соғломлаштириш ишлари учун Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки, Европа Иттифоқи ва бир қатор давлатларнинг ҳомийлиги ёрдамида 2 млн евро миқдорида биринчи грант ажратилиши бўйича қарор қабул қилинган.

Шунингдек, департамент 2021 йилда ўз зиммасидаги бажарилган ишлар бўйича ҳисобот берган. Дупартамент томонидан жами 32 та текширув ва 189 та назорат-профилактика ишлари ўтказилган ва унинг натижасида 1920 та камчилик аниқланган. Назоратости объектларида текширувлар доирасида радиация ва ядро хавфсизлиги талабларини бузганлиги учун 41 та ходим маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу орқали республика бюджетига 21 млн сўм миқдорда жарима ундирилган.

Бундан ташқари, ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлаш соҳасида Қўмитага тушган аризалар асосида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи 26 та лицензия ва 142 та рухсатнома расмийлаштирилган.