Гонконгдаги Жаҳон савдо марказида катта ёнғин содир бўлди

Гонконгдаги Жаҳон савдо марказидаги ёнғинда жабрланганлар сони 14 кишига етди. 300 га яқин одам бинода қамалиб қолгани айтилди. Шу билан бирга, эвакуация аллақачон бошланган, қутқарувчилар 1269 кишини бинодан олиб чиқиб кетган. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Офислар ва савдо маркази жойлашган осмонўпар бинони асосан дўкон ва ресторанларга ташриф буюрувчилар банд қилган. Ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум.


КХДР асосчиси Ким Ир Сеннинг укаси вафот этди

КХДР асосчиси ва биринчи президенти Ким Ир Сеннинг укаси Ким Ён Чжу 101 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Шимолий Корея ОАВларига таяниб, Yonhap агентлиги хабар берди.

Унга кўра, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ким Чен Ин гулчамбарлар жўнатган ва Ким Ён Чжу вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Ким Ён Чжу 1920 йилда туғилган ва Ким Ир Сен ҳокимиятга келганидан кейин бир қанча раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Хусусан, у Корея меҳнат партиясининг нуфузли ташкилий бўлимини бошқарган, бироқ 1973 йилда унинг ўрнига Ким Ир Сеннинг ўғли Ким Чен Ир тайинланган. 1993 йилда Ким Ён Чжу сиёсатга қайтди ва Сиёсий бюро аъзоси бўлди. У 1998 йилдан бери Олий халқ ассамблеяси (парламент) доимий қўмитаси раисининг фахрий ўринбосари лавозимини эгаллади.


Бразилияда мэр ва депутат парк тақдири ҳақидаги баҳсни рингдаги дуэль орқали ҳал қилди

Бразилиянинг Борба шаҳри мэри Симау Пейшото ва депутат Эринеу да Силва шаҳар боғи тақдири борасида ўзаро келишмовчиликлар туфайли ММА қоидалари бўйича жанг қилди, деб ёзади The Guardian.

Эринеу да Силва мернинг дарё бўйидаги боғни ушлаб тура олмаслиги ҳақида кескин гапирди ҳамда у «ахлат» ва «фирибгар» деб атаган сиёсатчи билан муаммони ҳал қилиш истагини билдирди. Бунга жавобан Симау Пейшото душман билан жанг қилишга тайёрлигини намойиш қилиб, кафтини мушти билан урган видеони жойлаштирди.

Баъзи сайловчилар бу хатти-ҳаракатни Амазондаги шаҳарни бошқарадиган шахс учун номақбул деб ҳисоблашган. Шунда мэр де Силвани ҳакам ва мухлислар иштирокидаги жангга чорлади. Муштлашув маҳаллий мактаб спорт залида бўлиб ўтган ва жонли эфирда намойиш этилган. Жанг 13 дақиқа давом этган. Уч раунд давомида шаҳар мери Симау Пейшото кўплаб зарбалар қабул қилиб олган бўлсада, аммо очколар ҳисобида ғалаба қозонган.


Японияда коронавируснинг омикрон штаммига чалинишга доир 15 та янги ҳолат аниқланди

Японияда коронавируснинг омикрон штаммини юқтиришга оид 15 та янги ҳолати аниқланди, деб хабар берди РИА Новости. Ушбу штаммни ташувчилар 7−12 декабрь кунлари хориждан — АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Бирлашган Араб Амирликлари, Лесото, Танзания, Зимбабве ва Конгодан келган. Кўпчиликда касалликнинг аломатлари йўқ, аммо иситма ҳолатлари мавжуд. 15 кишидан 11 нафари эмлашнинг тўлиқ курсини олган, бир нафари эмланмаган, яна уч нафарида бу масалага ойдинлик киритилмоқда.

Ушбу штаммга чалинганликда Японияга этиб келган самолётларнинг 1100 йўловчиси гумон қилинмоқда. Япония соғлиқни сақлаш вазирлиги улар 14 кунлик карантиндан ўтишини таъкидламоқда.