Ижтимоий тармоқларда Чирокчи тумани Хўжа Aбдужаббор қишлоғида ер асталик билан чўғ бўлиб ёнаётгани ва олов ер тагидан чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан дастлабки ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Таъкидланишича, қишлоқ ҳудудидаги ердан чиқаётган тутун Чироқчи туман назорат иснпекцияси инспекторлари, туман фавқулотда вазиятлар бўлими, Ҳудудгаз таъминот туман филиали ходимлари томонидан ўрганилган.

Ўрганиш жараёнида тахминан 0,10 га ер майдон аввал ёниб ўчганлиги ва ҳозирда кунда тахминан 0,01 га ер майдони устидан тутун чиқиб, атрофга бадбўй ҳид тарқалаётганлиги кузатилган.

«Ўрганиш давомида ушбу қишлоқда яшовчи оқсоқоллар бу жой тахминан 50−70 йиллар олдин чуқурлик бўлиб, қамишзор бўлганлиги ва йиллар ўтиб қамишлар устига тупроқ ёпилиб кетганлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Ҳолат бўйича геология соҳаси мутахассисларининг ўрганиш ўтказиб хулосалари тақдим қилингунга қадар, «ер остидаги қолиб кетган қамишлар қизиши ва чириши» натижасида ушбу ҳолат юзага келганлиги бўйича дастлабки хулосага келинган.

Вилоят экология бошқарма ўрганиш якунлари бўйича батафсил маълумот берилишини маълум қилган.