Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 14 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда «Ўзбекистоннинг 2021 йилги давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилишини маъқуллади.

Молия вазири ўринбосари Ахадбек Ҳайдаров президент ва ҳукуматнинг таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, экспортни рағбатлантириш ҳамда бошқа «муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари доирасида давлат бюджети харажатларини яна 2,2 трлн сўмга ошириш режалаштирилганини маълум қилди.

Жумладан:

  • «Ташаббусли бюджет» доирасида туман ва шаҳарларда фуқароларнинг ташаббусларини молиялаштиришга — 117 млрд сўм;
  • • давлатга ғалла сотувчи фермер ва ғаллачилик кластерларига ҳар бир тонна учун 350 минг сўмдан — жами 800 млрд сўм миқдорида субсидия ажратилади;
  • • Мўйноқ туманидаги 5 кишигача аъзоси бўлган ҳар бир оилага 5 миллион сўмдан бир марталик ёрдам ҳамда Қорақалпоғистондаги 21 та ижтимоий-иқтисодий муаммоли маҳаллани ободонлаштиришга 67 млрд сўм;
  • • Сурхондарё вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси учун (Тўпаланг сув омборидан магистрал сув қувурини қуриш, лойиҳа To’palang HPD Platinum компанияси томонидан амалга оширилмоқда) 200 млрд сўм, Россиядан қувурлар сотиб олиш учун Тикланиш жамғармаси ҳисобидан 327 млрд сўм — жами 527 млрд сўм. Ахадбек Ҳайдаровнинг аниқлик киритишича, пул қувурлар нархи ошишидан олдин сотиб олиш учун ажратилмоқда;
  • • ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларига 100 млрд сўмдан (жами 300 млрд сўм), шунингдек, Тошкент шаҳрига 200 млрд сўм — жами 500 млрд сўм;
  • • давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари учун компенцация тўлаш учун — 50 млрд сўм. Йил бошида бу мақсадлар учун 150 млрд сўм, кейинроқ яна 123 млрд сўм йўналтирилди. Молия вазири ўринбосари ҳудудларда аҳоли ва ишбилармонлардан бузилишлар бўйича тўланмаган қарзлар қолаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари 2,5 трлн сўмга оширилмоқда. Шундан 1,1 трлн сўми президентнинг 2 декабрдаги қарори (ПҚ-5275) ижросини таъминлашга йўналтирилган. Мазкур ҳужжат билан Молия вазирлигига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 5 йил муддатга миллий валютада 100 млн доллар эквивалентидаги маблағларни фоизсиз асосда ажратиш топширилди.

Молия вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, қўшимча харажатларнинг бир қисмини бошқа бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобига қоплаш режалаштирилмоқда, бироқ у қайси бири эканлигига аниқлик киритмади.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ҳукумат қонун лойиҳасини кеч киритганини, шу боис парламент қуйи палатасида ҳужжатни ўрганиш ва муҳокама қилиш учун вақт кам бўлганини таъкидлади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди, бироқ Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси истисно тариқасида қонунни ҳужжатнинг ҳар бир бандини муҳокама қилмасдан, бирданига иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилишни таклиф қилди. Шунингдек, 15 декабрь куни ўтказилиши режалаштирилаётган Сенатнинг ялпи мажлисида ҳам мазкур қонун кўриб чиқилиши инобатга олинди. Партия вакиллари қонун лойиҳаси ўз фракцияларида муҳокама қилиб бўлинганини таъкидлаб, ушбу таклифга рози бўлдилар.

Депутатлар деярли бир овоздан қонунни маъқулладилар (117 нафари ёқлади, 2 нафари бетараф қолди).

Қонун лойиҳаси бўйича депутатлардан фақат Расул Кушербаев савол берди. Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган мулклари учун қарздорликни қоплашга етадими, деб сўради. Вазир ўринбосари бу миқдор жорий йил учун етарли эканлигини айтди. 2022 йилда мазкур мақсадлар учун 500 миллиард сўм йўналтириш режалаштирилган.

Ўзбекистон давлат бюджети харажатлари бир йилда учинчи марта оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2 июль куни парламентда 2021 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчаларни кўриб чиқилгач, вазирлик ва идораларга ажратиладиган маблағларнинг максимал миқдорини аввалига 13,1 триллион сўмга (1,2 миллиард доллар) — 135,8 трлн сўмдан 148,9 триллион сўмгача, 6 ноябрда эса 11,69 триллион сўмга (Марказий банкнинг 10 ноябрдаги курси бўйича 1,09 миллиард доллар) ёки 148,9 триллион сўмдан 160,6 триллион сўмгача ошириш тўғрисидаги қонунни имзолади