Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев Давлат миллий хавфсизлик қўмитасида (ДМХҚ) сўроқ қилинди. Бу ҳақда 24.kg агентлиги хабар берди.

Унга кўра, Аскар Акаев «Қумтор» иши бўйича гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган. Акаев терговга ўз адвокати билан етиб келган. Қирғизистоннинг собиқ президенти сўроқдан сўнг ДМХҚ биносидан чиқиб кетгани айтилди. Бу ҳақда унинг адвокати Айбек Самарбеков маълум қилган.

Маълум қилинишича, собиқ давлат раҳбарига терговчилар «Қумтор» иши бўйича саволлар берган. Адвокат сўроқ тафсилотларини ошкор қилмади, Бунга сабаб сифатида ўзи ва мижози ошкор қилмаслик тўғрисида шартнома имзолаганини билдирди.

«Бу иш бўйича кўпроқ сўроқлар бўлади. Балки Аскар Акаев шу ҳафта охиригача Бишкекда қолиши мумкин», — деди адвокат Айбек Самарбеков.

Эслатиб ўтамиз, Аскар Акаев «Кумтор» олтин конини ишга тушириш лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция омиллари бўйича жиноят ишини тергов қилиш доирасида қидирувга берилган эди. 2 август куни унинг Бишкекка етказилгани хабар қилинганди.

Акаев мамлакатга қайтганидан сўнг, илк терговларда қатнашган. Шунингдек, у ДМХҚдаги сўроқдан кейин брифингда сўзга чиққан.

«Ватанга қайтиш имкониятини берганлари учун мамлакат раҳбарияти, президент Садир Нургожоевичдан жуда ҳам миннатдорман. Мен ҳамкорлик қилиш, ёрдамлашиш учун келдим», — дея таъкидалаган Акаев.