14 декабрь куни «Ўзбекистон почтаси» АЖ ребрендинг тақдимотини ўтказди ва янги почта тизимида мижозларни нима кутаётганлиги ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Янги имкониятлар кучи» шиори остидаги ребрендинг натижасида бренднинг янги номи — Uzpost, янги логотипи, янги ранглари ва янги логистика тизими ишлаб чиқилган.

«Интернет тармоғи ривожланиши ва бутун дунёда почтанинг анъанавий хизматларига талаб пасайиши билан дунёда почта операторларининг даромадлари пасайиши кузатилмоқда. Баъзи мамлакатларда почта хизмати даромад етишмовчилигини давлат субсидиялари билан ҳал қилса, бошқа операторлар янги муқобил даромад манбаларини топиш мақсадида трансформация жараёнларини бошдан кечиришмоқда», — деди «Ўзбекистон почтаси» АЖ бош директори Алишер Файзуллаев тақдимот бошидаги кириш сўзида.

Тақдимотда айтилишича, компания 4 та асосий йўналишлар устида ишлаб, маҳсулот ва хизматларини такомиллаштирган.


Бренднинг янги логотипи.

Компания почта тизими логистикаси тизимини бутунлай янгилаб, почта жўнатмаларини расмийлаштириш босқичлари қисқартирилганлигини маълум қилди. Янги логистика тизими 2021 йилнинг охирига қадар тўлиқ ишга туширилиши кутилмоқда.

«Жаҳон почта иттифоқининг янги талаблари ва стандартларини эски дастурда амалга ошириш ва бошқа тизимлар билан интеграция қилишнинг имкони йўқ эди. Эски тизимда ҳар хил турдаги хизматларни кўрсатиш бўйича ишлар асосан қўлда амалга оширилган: квитанция, ордер ва ҳаттоки ҳисоб-китоб варақаларини тўлдириш ҳам. Бу инсон омили сабабли йўл қўйиладиган хатолар натижасида ҳисоботларнинг ишончлилигига шубҳа туғдирарди ва ишни қийинлаштирарди», — дейди компаниянинг маркетинг бўлими бошлиғи Муҳаммад Чорикулов.

Янги тизимга кўра, «Ўзбекистон почтаси» мижозлари ўз уйларидан чиқмасдан туриб жўнатмаларини веб сайт, мобил илова ёки Telegram бот орқали расмийлаштиришлари мумкин бўлади. Жўнатмани онлайн расмийлаштирган мижоз ўзига яқин почта бўлимига мурожаат қилиб, ID кодни кўрсатади. Почта оператори мижоз томонидан олдинроқ киритилган маълумотларни почта тизимида кўради ва жўнатмани қабул қилади. Компания вакиллари бу тизим ортиқча қоғозбозликни қисқартиришга ёрдам беришини қайд этишди.

Бундан ташқари, янги тизим кўп сонли жўнатмаларни расмийлаштиришни ҳам енгиллаштириши кутилмоқда. Катта миқдордаги почта жўнатмаларини юбормоқчи бўлган мижозлар керакли маълумотларни битта Excel файлга киритиб, уни почта тизимига юклашлари мумкин бўлади.

Шунингдек, янги логистика тизими «Ўзбекистон почтаси» мижозларига онлайн тарзда ўзларининг жўнатмаларини кузатиб бориш (tracking) имкониятини беради. Мамлакат бўйлаб мижозлар ўз жўнатмаларини ўзлари қабул қилиб олишлари мумкин бўлган 30 та почтоматлар ўрнатилган.

«Ушбу ўзгариш нафақат почта мижозларига, балки компаниянинг ўзига ҳам ёрдам беради. Чунки энди почта жўнатмаларнинг қайси босқичларида энг узоқ узилишлар кузатилиши ҳақида ишонсли маълумотларга эга бўламиз. Ушбу маълумотлар асосида биз жойлардаги муаммоларни аниқ ҳал қилишга муваффақ бўламиз», — дейди маркетинг бўлими бошлиғи.

Фото: «Ўзбекистон почтаси» АЖ.

Ребрендинг жараёни доирасида компания шунингдек ўзининг «Unisavdo» номидаги маркетплейсини ҳам ишга туширди. 300 дан ортиқ тадбиркорлар ушбу маркетплейсда ўз маҳсулотларини жойлаштириш учун шартномалар имзолашган. Ҳозирга келиб платформада 14 000 дан ортиқ маҳсулотлар жойлаштирилган ва улар республика бўйлаб етказиб берилаётганлиги айтилди.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон почтаси» АЖ тўловларни қабул қилиш ва пул ўтказмаларини амалга оширишнинг янги тизими — «Avval» тўлов тизимини ишга туширди. «Avval» тўлов тизими почта томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлар учун тўловни амалга ошириш мумкин бўлган ягона марказлашган дастур ҳисобланади. Унинг ёрдамида мижозлар 100 дан ортиқ хизматлар учун тўловни амалга оширишлари мумкин бўлади. Ушбу тизим туфайли почта операторларида жойларда мобил қурилмалари орқали тўловларни қабул қилиш имконияти ҳам пайдо бўлди.

Компания автопаркини янгилаш учун 27 та Damas, 75 та кичик Caddy, 4 та катта ISUZU ва 2 та юк ортувчи Газель автотранспортларини ҳамда 417 та электроскутер ва 200 та велосипедларни харид қилган. 15% почта бўлинмалари қайта таъмирланган, қолган барча бўлинмалар ҳам босқичма-босқич равишда таъмирланиши режалаштирилган.

Почта бўлинмаларининг инфратузилмасини янгилаш мақсадида янги форматдаги ва янги дизайндаги пилот бўлинмалар очилган, келгусида уларнинг андозаси бўйича мамлакат бўйлаб барча почта бўлинмалари янгиланади.

Фото: «Ўзбекистон почтаси» АЖ.

2022 йилда «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан Тошкент, Бухоро, Хоразм ва Асака шаҳарларида омборхона вазифасини бажарувчи 4 та фулфилмент марказлари ишга туширилиши кутилмоқда. 2025 йилгача мамлакат бўйлаб автоматлаштирилган фулфилмент марказлари сони 30 тагача етказилиши режа қилинган. Улар электрон тижоратни ривожлантиришни кўзлаган бўлиб, омборхона вазифасини бажаради.

Бундан ташқари, компаниянинг 900 дан ортиқ почта бўлинмаларида кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 34 тага етказилган.