Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилишида марказий аппарати ходимларининг 40 фоизи ўз вазифасидан озод этилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Йиғилишда охирги пайтларда ССВга тиббиёт соҳаси бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани таъкидланди. 11 ой давомида жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага ошиб, 57,6 мингтани ташкил этди. Уларнинг аксарияти сифатсиз тиббий ёрдам билан боғлиқ масалалар экани айтилди.

«Чунки тизимда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўп. Айниқса, аксарият ҳудудларда тиббий хизмат сифати ҳануз талаб даражасида эмас. Соҳада бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатлар, афсуски, сақланиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев жойларда мутасаддилар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан мулоқотларда бу ҳақда қайта-қайта тўхталиб ўтмоқда», — дейилади хабарда.

ССВнинг қайд этишича, аҳоли кўп ҳолларда жойларнинг ўзида ҳал бўлиши мумкин бўлган оддий масалалар учун ҳам президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари, бош вазирнинг виртуал қабулхонаси, бош прокуратура ва бошқа масъул идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Тиббиётда давлат хусусий шерикчилик муносабатлари, тиббий суғурта, лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш йўналишларида ишлар етарли даражада ташкил қилинманганлиги туфайли кўзланган натижаларга эришилмаётгани таъкидланди.

«Буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида бугунги замон талабларига мос, янгича фикрловчи, ташаббускор, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ», — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик доирасида бошланган кадрларни янгилаш ислоҳоти келгусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, умуман, мамлакатдаги барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олиши кутилмоқда. Мазкур жараёнда аҳолидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятлар асосий мезон бўлади.

ССВ марказий аппаратида давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг максимал сони 139 бирликни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ССВ тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари ҳозирда 26 турдаги журнал ва 33 турдаги ҳисобот шакллари, қолаверса, беморлар учун ўнлаб турдаги бланкларни тўлдиришга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берилганди.