«Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди, дея хабар бермоқда Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Қонун лойиҳасининг мақсади қуйидагилардан иборат экани кўрсатилган:

  • ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни қонун даражасида мустаҳкамлаш;
  • халқаро ҳужжатлардаги қоидаларнинг, хусусан, мажбурий меҳнатга, мигрантларнинг соғлиғига зиён етказувчи шароитларда ишлаш учун жалб этишга йўл қўймаслик каби қоидаларни миллий қонунга имплементация қилиш;
  • ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатларини белгилаш;
  • фуқароларнинг мамлакат ташқарисидаги фаолиятини ташкил этиш, уларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда чет эллик фуқароларни Ўзбекистонда меҳнат қилиш учун жалб этишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаш.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида меҳнат мигрантларининг даромадлари икки томонлама солиққа тортилмаслиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ушбу қонун лойиҳасида ҳукумат ва ваколатли давлат органларига меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шароитларини яхшилаш борасида чоралар кўриш вазифаси юклатилаётгани қайд этилди.

Аввалроқ, 2022 йилда Москвада меҳнат мигрантлари учун патент нархи ошиши кутилаётгани ҳақида маълум қилинганди. Унга кўра, Москвада меҳнат мигрантлари учун патент нархи ойига 5341 рублдан ёки 770,9 минг сўмдан (Ўзбекистон Марказий Банкининг 2021 йил 25 ноябрдаги курси бўйича) 5900 рубль ёки 851,6 минг сўмгача оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда президентлик сайловларидан олдин ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев «Миллий Тикланиш» партияси номзоди Алишер Қодировнинг мамлакат тараққиёти учун мигрантларнинг солиқ тўлаши кераклиги ҳақидаги таклифини танқид остига олиб, мигрантларнинг фаолияти солиққа тортиладиган даромадга кирмаслигини айтиб ўтганди.