Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Тошкентнинг Яккасарой туманидаги дарахтзорни кесиш факти бўйича қўзғатилган жиноят иши натижаларига аниқлик киритиш мақсадида расмий сўровлар юборди.

2020 йилнинг февралида Building And Supplies компанияси пойтахтнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг қарори доирасида Юнус Ражабий кўчасидаги кўп қаватли уйлар орасида 0,5 гектар майдонда кўп қаватли турар жой қуришни режалаштирган эди. Бунинг учун қурувчи дарахт кесишга мораторий эълон қилинганига қарамасдан, 81 туп дарахтни кесиб ташлагани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган, оқибатда шаҳар ва ҳукумат раҳбарлари диққатини тортган эди.

Яккасарой туман ҳокими ўринбосари ва Building And Supplies таъсисчисига жиноий иш қўзғатилди. Айбдорларга нисбатан 1 млрд 891,3 млн сўм миқдорида жарима тайинланди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ва прокурорга ҳайфсан берилди.

Депутат сўровига жавобан Экология давлат қўмитаси Тошкент прокуратурасидан ҳалигача 1 млрд 890 млн сўм тушмагани, улар ҳалигача департамент депозит ҳисоб рақамида эканлигини маълум қилди. Бу маълумотни «Газета.uz»га қўмита тасдиқлади.

Шаҳар прокуратураси депутатнинг 9 ноябрь куни юборган сўровига жавоб бергани йўқ.

Депутат постининг скриншоти.

Эълон қилинганидан бироз вақт ўтиб Расул Кушербаев ўз постини ўчириб ташлади. «Газета.uz» депутат билан боғланди, бироқ у изоҳ беришдан бош тортди ва эҳтимолий босим ҳақидаги саволга жавоб бермади.

«Газета.uz» Тошкент прокуратураси матбуот хизматига сўров юборди.

Корхона ваташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Building And Supplies 2018 йил 2 февралда рўйхатга олинган. Компаниянинг асосчиси ва раҳбари сифатида Абдураҳим Қодиров кўрсатилган.