13 декабрь куни Шарм аш-Шайхда (Миср) коррупцияга қарши кураш бўйича Бутунжаҳон конференцияси иш бошлади. Унинг иштирокчилари порахўрларни қандай аниқлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш каналларини узиш, мусодара қилиш ва ўғриланган мол-мулкни қайтариш йўлларини муҳокама қилмоқда, дея хабар берди БМТ ахборот маркази.

Форумда Ўзбекистон делегацияси таркибида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов, Сенатнинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Наримон Умаров, Бош прокуратура академияси раҳбари Евгений Коленко ва бошқалар иштирок этмоқда.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

«Коррупция жамиятда кенг тарқалиши билан одамларнинг раҳбар ва муассасаларга бўлган ишончини сўндиради. Бу тенгсизликни кучайтиради, сурбетликни ва изоляцияни кучайтиради ҳамда аёллар ва қизлар енгиб ўтишлари керак бўлган тўсиқларни кучайтиради. Тийиқсиз очкўзлик барчамизга зарар етказади», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш видеомурожаатида.

У мамлакатлар COVID-19 пандемиясидан тикланиш учун катта маблағ сарфлаётган бир пайтда ўзлари учун фойда олишга уринаётган «жиноятчи оппортунистлар»га қарши курашга чақирди. Зарур ҳушёрлик бўлмаса, ушбу маблағларнинг аксарияти жиноятчилар қўлига тушиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, ушбу конференция ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва глобал миқёсда коррупцияга қарши курашни жадаллаштириш учун имкониятдир.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бошқармаси ижрочи директори Геда Вали ҳам коррупцияни «глобал ташвишли ҳодиса» деб атади.

«Дунё ҳар йили коррупция туфайли триллионлаб доллар йўқотади, ҳар бир доллар эса давлат томонидан ажратилган маблағларини кўпайтириш учун зарур», деди у. БМТ НЖБ раҳбари коррупция нафақат барқарор ривожланишга зарар етказишини, балки жиноятчилик ва терроризмнинг кучайишига олиб келишини ҳам таъкидлади.

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг тўққизинчи сессияси 17 декабрга қадар давом этади. Унда иштирок этиш учун 152 давлатдан 2133 делегат келган. Конференция доирасида коррупцияга қарши курашнинг турли жиҳатларига бағишланган 75 та тадбир ўтказилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон ташаббуси билан кун тартибидан коррупцияга қарши жараёнларни рақамлаштириш ва бу борадаги жамоатчилик назоратининг ролига бағишланган сессиялар ўрин олган.

Коррупцияга қарши конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йил 31 октябрда маъқулланган ва 2005 йил 14 декабрда кучга кирган. Ҳужжат аъзо давлатларни коррупцияга қарши сиёсат юритиш, тегишли қонунларни тасдиқлаш ва ушбу ҳодисага қарши курашиш учун махсус органлар тузиш мажбуриятини юклайди.

Конвенцияга кўра, давлатлар ўз мансабдор шахсларининг сотилмайдиган, ҳалол ва масъулиятли бўлишини таъминлаши керак. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2008 йилда қўшилган.