Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «АЭС объектларидан фойдаланиш учун зарур бўлган ходимларга қўйиладиган малака талабларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарор Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республика Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинади.

Қайд этилишича, мазкур талаблар МАГАТЭнинг хавфсизлик бўйича НС-Г-2.8 «Атом электр станциялари учун кадрларни ёллаш, малакасини ошириш ва ўқитиш» йўриқномасида белгиланган талаблардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Ҳужжат лойиҳасида АЭС объектларидан фойдаланиш учун зарур бўлган ходимлар (жами 84 та лавозим келтирилган), жумладан, АЭС директори, бош муҳандиси, директор ўринбосарлари, бош муҳандис ўринбосарлари ва бошқа раҳбар ҳамда ишчиларнинг таълим даражаси, малакавий талаблар ва иш тажрибаларига қўйиладиган шартлар баён этилган.

Хусусан, АЭС директори лавозимига номзод йўналиши бўйича олий маълумотли, энергетика бўйича малакага эга бўлиши ҳамда энергетика соҳасида раҳбарлик лавозимларида 8 йиллик меҳнат стажи, АЭСда 5 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиш талаб этилади.

Жамоатчилик муҳокамаси 28 декабрга қадар давом этади ва лойиҳада қайд этилганидек, қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда президент ядро энергетикаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича стратегияни тасдиқлаган эди. Стратегияга кўра, АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот ходимлари 4 та босқичда қуйидаги йўналишлар бўйича тайёрланади:

  • олий раҳбар ходимлар;
  • эксплуатация (оператив ва таъмирлаш) ходимлари;
  • ёрдамчи техник ходимлар;
  • маъмурий-бошқарув ходимлари.