Буюк Британияда коронавируснинг омикрон штаммига чалиниш оқибатида биринчи ўлим ҳолати қайд этилди

Буюк Британияда коронавируснинг омикрон штамми билан касалланган эркак вафот этди, дея маълум қилди бош вазир Борис Жонсон. Бу ҳолат ушбу штамм билан касалланган беморнинг биринчи қайд этилган ўлими ҳисобланади. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.

«Афсуски, омикрон билан заҳарланиш беморни касалхонага ётқизишга олиб келади ва минг афсуски, камида битта бемор вафот этди», — деди журналистларга Жонсон Лондондаги эмлаш марказига ташрифидан кейин. Коронавируснинг ушбу вариантини юқтирган биринчи одам вафот этгани муносабати билан Буюк Британия бош вазири қайта эмланишга чақирди.


Илон Маск Time журнали версиясига кўра «йил одами» деб топилди

Time журнали муҳаррирлари йил одами сифатида Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маскни танлади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

«Бу одам Ер сайёрасидаги ҳаётга ва узоқ муддатда ундан ташқаридаги ҳаётга фавқулодда таъсир кўрсатади. Иқлим ўзгаришининг экзистенциал инқирозидан, тенгсизлик муаммоларидан тортиб, мумкин бўлган янги чегараларгача, ҳеч ким бу йилги мавзуларни 2021 йил одами — Илон Маскдан яхшироқ ўзида мужассам этгани йўқ», — деди бош муҳаррир Эдвард Фельзенталь.

«Илон Маскни Америка жамиятида ҳаётнинг барча жабҳаларида машҳурлиги туфайли танимаслик деярли мумкин эмас. Унинг ракета учириш бозорида ҳукмронлик қиладиган космик компанияси бор, унинг электромобиллар бозорида ҳукмронлик қиладиган автомобиль компанияси бор. Twitter’да 65 миллион обуначини ўзининг ғалати ҳазиллари билан завқлантиради», — деди журнал ходими Молли Балл.


Швеция қирғоқларида иккита юк кемаси тўқнашиб кетди

Болтиқ денгизида Истад (Швеция) ва Борнҳольм (Дания) шаҳарлари ўртасида иккита юк кемаси тўқнашиб кетди, деб хабар бермоқда Коммерсантъ мамлакат денгиз маъмурияти маълумотларига таяниб.

Маълумотларга кўра, кемалардан бири ағдарилиб кетган. Ҳозирда камида икки кишини қидириш ишлари олиб борилмоқда. Қидирув ишларига бир неча вертолёт ва Британия кемаси жалб этилган. Қайд этилишича, битта кема Данияда, иккинчиси Буюк Британияда рўйхатдан ўтган. Кема бортида қанча одам бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.


Жанубий Корея ва Шимолий Корея урушни тугатиш бўйича принципиал келишувга эришди

Шимолий ва Жанубий Корея, АҚШ ва Хитой тинчлик шартномасини имзолашга принципиал равишда келишиб олди, деди Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин. Бу ҳақда BBC маълум қилди.

Аммо Шимолий Корея талаблари туфайли музокаралар ҳали бошланмади, дея қўшимча қилди у.

1950 йилдан 1953 йилгача давом этган Корея уруши ярим оролни иккига бўлди. Шимолий ва Жанубий Корея ўшандан бери техник жиҳатдан уруш ҳолатида бўлган — мос равишда Хитой ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ва кескин муносабатлар сақланиб қолганди.

Шимол билан алоқани ўз президентлигининг пойдеворига айлантирган Мун Чже Ин узоқ вақтдан бери можаронинг якуни бўйича расмий декларацияни ёқлаб келади. Аммо кузатувчилар бунга эришиш жуда қийин бўлади, деб ҳисоблашини айтган.


АҚШда COVID-19 туфайли ўлим ҳолатлари 800 мингга яқинлашди

АҚШда коронавирус билан боғлиқ ўлимлар сони 800 мингга етди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Вакциналар эркин мавжуд бўлса ҳам, дельта штаммининг янада юқумли варианти ва одамларнинг COVID-19 га қарши эмлашдан бош тортиши туфайли мамлакат бу йил вирусдан 2020 йилга қараганда кўпроқ одамни йўқотди.

Шунингдек, 11 декабрь куни АҚШнинг Кентукки штатида энг кучли торнадо содир бўлди, деб ёзади ТАСС. Штатнинг ғарбий қисмида жойлашган Мейфилд шаҳри энг кўп жабр кўрди. Табиий офат Миссури, Арканзас, Иллинойс ва Теннесси штатларига ҳам таъсир кўрсатди.

Барча жабрланган штатларда қурбонларнинг умумий сони 90 кишидан ошди. Арканзас штатининг Монет шаҳрида қариялар уйининг қисман вайрон бўлиши оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлди, 5 киши яраланди ва яна 20 киши вайроналар остида қолаётгани айтилди.