12 декабрдан Humo Air авиакомпанияси Фарғона — Сўх — Фарғона йўналишида мунтазам қатновларни йўлга қўяди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, дастлабки босқичда ҳафтасига икки маротаба йўловчи ташувлари учун мунтазам парвозлар амалга оширилади.

Парвозлар ҳафтанинг душанба ва жума кунлари Фарғона — Сўх йўналишида соат 10:00да ва Сўх — Фарғона йўналишида соат 12:00да бажарилиши режалаштирилган. Авиақатновлар АН-2 самолётларида амалга оширилади. Парвоз давомийлиги 30 дақиқани ташкил этади.

Йўловчилар авиачипталарни Фарғона, Андижон ва Наманган аэропортлари ҳамда Сўх тумани ҳокимияти биноларида харид қилиш имкониятига эга.

Шунингдек, Uzbekistan Airways матбуот хизмати 17 декабрдан бошлаб Самарқанд аэропортидан авиақатновлар тикланаётганини маълум қилди.

Самарқанд халқаро аэропорти очилиши муносабати билан қуйидаги қатновлар тикланади:

  • Самарқанд-Москва-Самарқанд;
  • Самарқанд-Истанбул-Самарқанд;
  • Самарқанд-Олмаота-Самарқанд;
  • Самарқанд-Санкт-Петербург-Самарқанд.

Чипталарни авиакомпаниянинг расмий сайтидан, «Airways Sales» филиалидан ёки авиакомпания агентларидан харид қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Самарқанд халқаро аэропорти 10 декабрдан минтақавий ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатишни бошлаши ҳақида хабар берилганди.