Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ Ходжиаҳмедов Дилшод Акмалдинович сув хўжалиги вазирининг ўринбосари — Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги бош директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Дилшод Ходжиаҳмедов 1975 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган, мутахассислиги муҳандис-қурувчи. Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Риштон қурилиш бошқармаси 2-тоифали бетончиси лавозимида бошлаб, 1995−2001 йилларда «Фарғонасувқурилиш» бошқармасига қарашли 1-сонли қурилиш монтаж корхонасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2001−2017 йилларда Фарғона вилоятидаги қурилиш ташкилотларида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Тайинловга қадар у Фарғона вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2017 йил ишлаб келаётган эди.

Унга Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бошқармаси, Сув хўжалигини механизациялаштириш бўлими, шунингдек, Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш вазифалари юклатилган.

Шунингдек, сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш каби вазифаларга ҳам масъул ҳисобланади.