Президент Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Саммит Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида бўлиб ўтди. Унда шунингдек, Кенгаш фахрий раиси, Қозоғистоннинг биринчи президенти — Нурсултон Назарбоев, Россия президенти — Владимир Путин, Беларусь президенти — Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти — Садир Жапаров, Арманистон бош вазири — Никол Пашинян, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Куба президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси — Михаил Мясникович қатнашди.

Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқи давомида Ўзбекистон ЕОИКга кузатувчи сифатида қўшилганига роппа-роса бир йил бўлган ва бу давр мобайнида «узоқ муддатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун мустаҳкам замин» яратилган: «Евроосиё иқтисодий комиссияси билан тизимли ва самарали иш йўлга қўйилди. Меморандум ва уч йиллик аниқ чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа органлари ишида ҳам фаол қатнашмоқда».

«Биз миллий қонунчиликни Евроосиё иқтисодий иттифоқи нормалари билан, биринчи навбатда, стандартлаштириш ва ташқи савдони нотариф тартибга солиш чоралари соҳасида яқинлаштириш масаласида изчил ҳаракат қилмоқдамиз», — деди президент.

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг 11 ойида 30 фоизга ортди. Айни пайтда, пандемиядан аввалги 2019 йил билан таққослаганда, бирлашма мамлакатлари билан ўзаро савдо 11 фоизга ошди.

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ мамлакатлари қабул қилишни тақозо этаётган энг долзарб вазифалардан бирига, «ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этишни давом эттириш муҳимлигига» тўхталиб ўтди. У Ўзбекистон техник тартибга солиш нормалари, санитария, фитосанитария ва ветеринария талабларини уйғунлаштириш ишларини давом эттираётганини таъкидлади.

Унинг фикрича, янги транспорт йўлакларини барпо этиш лойиҳаларини илгари суриш «мамлакатлар транзит салоҳиятини ошириш борасидаги биргаликдаги ишларга қўшимча суръат бағишлайди».


Ўзбекистон юк ташишларни кузатиш учун навигация тамғаларини жорий этиш бўйича дастурга қўшилиш имконияти кўриб чиқмоқда ва ЕОИИнинг Логистика занжирларини ривожлантиришнинг рақамли экотизимини яратиш тўғрисидаги янги ташаббуси қизиқиш уйғотмоқда.

«Глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олиб, аъзо ва кузатувчи давлатларнинг „яшил“ энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир», — дея сўзида давом этди у.

«Рақамли иқтисодиётга ўтиш, инновациялар ва илғор IT-ечимларни кенг жорий қилиш» мамлакатлар рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деди Шавкат Мирзиёев. У навбатдаги Евроосиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон «иқтисодий интеграция мақсадларидан келиб чиқиб», кузатувчи мамлакатларнинг Евроосиё иқтисодий комиссияси Кенгаши ва органлари ишида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришни ниятида. «Бу ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қўшма қарорларни ишлаб чиқишга хизмат қилади», — деди президент.

Нутқи якунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади.