Сўнгги 30 йил давомида собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) умумий ҳажми уч баробардан зиёдга ўсган. Бу ҳақда РБК ўзининг минтақадаги иқтисодий жараёнлар устидаги изланишлари натижаларига асосланиб хабар қилди.

Хусусан, 1990 йилда Совет Иттифоқи иқтисодиёти ҳажми БМТ томонидан ўша пайтдаги нархларда 791 млрд долларга баҳоланган. 2021 йилда эса собиқ иттифоқнинг 15 та республикасининг ЯИМлари умумий ҳажми 2,5 трлн долларни ташкил этди.

Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин унинг иқтисодиёти номинал жиҳатдан дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт ҳисобланганлигига қарамай, аксарият тарихчилар ва иқтисодчилар 1960−1980 йилларда Совет иқтисодиётининг ўсиш суръати мунтазам равишда пасайиб борганлигини таъкидлашган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 1990 йилда жаҳон миқёсидаги ЯИМнинг 4,6 фоиз қисми Совет Иттифоқи ҳиссасига тўғри келган бўлса, ҳозирда собиқ иттифоқ таркибига кирган ўн бешта мамлакат ЯИМларининг умумий ҳажми жаҳон ЯИМининг қарийб 2,6 фоизини ташкил этади. Айни пайтда, Халқаро валюта фонди харид қобилияти паритети (PPP) асосида собиқ Совет Иттифоқи барча мамлакатлари ЯИМларининг жаҳон иқтисодиётидаги улушини юқорироқ — 4,7 фоиз деб баҳолайди.

PPP — бу турли мамлакатлар валюталарини «товарлар савати» ёндашуви орқали таққослаш имконини берувчи кўрсаткич. PPP иқтисодчиларга мамлакатлар ЯИМлари, улар ўртасидаги иқтисодий самарадорлик ва турмуш даражасини таққослаш имконини беради. PPP икки ёки ундан ортиқ валюталарнинг муайян товарлар ва хизматлар тўпламини харид этиш қобилиятлари нисбатини ифодалайди.

Renaissanse Capital инвестиция банкининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича бош иқтисодчиси София Донецнинг сўзларига кўра, ўтган 30 йиллик давр мобайнида собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларининг ишлаб чиқариш қувватлари деярли ўзгармаган.

«Заиф мамлакатлар ривожланганларига етиб ололмайди, на аҳоли жон бошига ЯИМда, на харид қобилияти паритети кўрсаткичларида ривожланган мамлакатлар билан ҳам, минтақа ичида ҳам ўзаро яқинлашув йўқ», — дея таъкидлаган эксперт.

Шунингдек, унинг фикрича, постсовет мамлакатлари ўсиш суръатлари ўртасида юқори корреляция мавжуд бўлиб, инқироз шароитида уларнинг барчаси муаммога дуч келади.

Гронинген университети Madison Project Database лойиҳаси мутахассислари собиқ Совет Иттифоқи республикалари учун аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг тахминий миқдорини ҳисоблаб чиқдилар. Унга кўра, 1990 йилдаги парчаланишдан олдин собиқ иттифоқда аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи бўйича Эстония, Латвия ҳамда Литва нисбатан сезиларли фарқ билан кучли учликдан жой олган. Шунингдек, Россия, Грузия, қўшни Қозоғистон ва Беларусда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми иттифоқдаги ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган. Энг паст кўрсаткичлар Марказий Осиё давлатларида (Қозоғистондан ташқари) кузатилган, хусусан, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6800 долларни ташкил этган.

Фото: РБК

2019 йилга келиб Болтиқбўйи давлатлари ҳамда Россия етакчиликни сақлаб қолган. Қозоғистон, Беларусь ва Туркманистон Грузияни ортда қолдирган. Хусусан, Туркманистон аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажмини уч баробардан зиёдга оширишга эришган.

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ кўрсаткичи 2,9 фоизга ўсиб, 7000 долларни ташкил этган. Таққослаш учун, Қозоғистонда бу кўрсаткич икки баробардан зиёдга ошиб, 26400 долларга етган. Қирғизистон ҳамда Тожикистонда эса мос равишда 5300 ва 3400 долларгача пасайган.

Қайд этиш жоизки, аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичлари шаклланиши динамикасида аҳоли ўсиш ёки камайиш суръатлари ҳам муҳим рол ўйнаган. Жумладан, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда ўтган давр мобайнида аҳоли сони кескин ўсган.

Фото: РБК

Жаҳон банки маълумотларига кўра, аксарият постсовет мамлакатларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ кўрсаткичи 1996−1999 йилларгача пасайиш тенденциясини намоён қилган. 2009 йилда глобал молиявий инқироз туфайли бир вақтнинг ўзида барча мамлакатлар иқтисодиётининг пасайиши ёки секинлашуви кузатилган. 2015−2016 йилларда минтақанинг Россия, Қозоғистон, Озарбайжон каби нефтга қарам мамлакатларида жон бошига ЯИМ ҳажми камайган. Бугунги кунга келиб эса охирги синхрон пасайиш 2020 йилда — коронавирус пандемияси даврида содир бўлган.

Ҳозирда Эстония, Литва ва Латвия собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари орасида аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Бу мамлакатларда аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи деярли 1995 йилдан бери ўсиб келмоқда. Шунингдек, мазкур Болтиқбўйи давлатлари 2004 йилдан буён Европа иттифоқига аъзо давлатлардан саналади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, иқтисодиёти табиий газ экспортига асосланган Туркманистон 2020 йилга келиб реал ЯИМнинг 1991 йилга нисбатан энг юқори ўсиш суръатига эришди — 3,6 баробар.

Ўзбекистон бу борада иккинчи ўринда бўлиб, реал ЯИМ ҳажми 1991 йилга нисбатан 3,4 бараварга ўсган.

Фото: РБК

София Донецнинг фикрича, постсовет ҳудудидаги иқтисодий тебранишлар асосан қуйидаги омиллар билан изоҳланади:

  • Бошқарув моделларидаги фарқ ва бу соҳада тараққиётнинг мавжудлиги ёки йўқлиги. Хусусан бу борада Арманистон ва Грузия илғор тажрибаларни муваффақиятли амалга оширганлиги мисол қилинган.
  • Демография. Айниқса Марказий Осиё минтақасида аҳоли сони табиий ўсиш ҳисобига ортиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон, сўнгги йилларда мактаб таълими сифати сезиларли даражада яхшиланганига ёрқин мисол бўлиши таъкидланган.
  • Ташқи вектор. Донецнинг қайд этишича, «Россия ва дунёнинг қолган қисми билан муносабатларни мувозанатлаш зарурати» постсовет мамлакатлари учун қийинчилик туғдирди.
  • Ресурсларнинг мавжудлиги ҳам иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили ҳисобланади.

РБК таҳлилларининг тасдиқлашича, 25 йиллик даврда Ўзбекистон экспорти асосини хомашё ташкил этмоқда. 1996−2000 йилларда экспорт таркибида ўртача 42 фоиз улуш билан пахта хомашёси доминантлик қилган бўлса, 2019 йилга келиб унинг ўрнини олтин эгаллади — жами экспортга нисбатан 37 фоиз.

Шу билан бирга Ўзбекистонда пахтани маҳаллий қайта ишлаш йўлга қўйилганлиги ҳисобига мамлакатнинг Россияга экспорти таркибида йирик улушга эга бўлган пахта толаси калава-ип билан ўрин алмашди.

Фото: РБК

Қайд этилишича, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, шунингдек, Озарбайжон ҳам хомашё экспортига қарамлигича қолмоқда. Хусусан, Қирғизистоннинг экспортида етакчилик қилган электроэнергия ўрнини 2019 йилга келиб олтин эгаллаган — жами экспортга нисбатан 42 фоиз.

Қозоғистоннинг асосий экспорт маҳсулоти нефть хомашёси бўлиб, 25 йил мобайнида жами экспортдаги улуши 21 фоиздан 58 фоизгача ошган.

Туркманистон экспортида асосий ўрин тутувчи табиий газ етказиб беришнинг жами экспортдаги улуши 1997 йилдаги 36 фоиздан 2019 йилга келиб 81 фоизгача ошди. Таъкидлаш жоизки, 1997 йилда Туркманистоннинг Россияга экспортининг 66 фоизини табиий газ ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб калава-ип асосий экспорт маҳсулотига айланган. Аввалроқ яқин йилларда Туркманистон Хитойга табиий газ етказиб беришда етакчиликни сақлаб қолаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Тожикистон экспорти таркибида асосий маҳсулот алюминийлигича қолмоқда, гарчи унинг умумий ҳажмдаги улуши 2 баробардан кўпроққа қисқарган бўлса ҳам. Шунингдек, мамлакатнинг Россияга экспорти билан боғлиқ вазият Ўзбекистонникига ўхшаш: асосий экспорт маҳсулоти — пахта толаси ўрнини калава-ип эгаллаган.