Сентябрь бошида Сурхондарё вилоятида Тўпаланг сув омборидан магистрал сув қувурини ётқизиш йўли билан аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш бошланди. Унинг қурилишини президент Шавкат Мирзиёев 1−2 июнь кунлари ташрифи чоғида маълум қилганди.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Августда «Ўзбекгидроэнерго» компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов президентга тақдимот қилган лойиҳага кўра, сув омборининг пастки қисмида сув босимини пасайтириш, сувни тозалаш ва тарқатиш учун иншоотлар қуриш режалаштирилган бўлиб, ундан сув тақсимлиш узелларига қадар 361 км қувурлар ўрнатилади.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Қурилиш натижасида Сариосиё, Денов, Қумқўрғон, Шўрчи, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Темиз шаҳридаги 1,7 млн аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Президент инновацион деб атаган лойиҳанинг умумий қиймати 138 млн долларга баҳоланиб, уни 2023 йилда (дастлаб 2024 йилда дейилган эди) ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳани ким амалга оширади?


Аввалроқ, «Газета.uz» лойиҳанинг бош буюртмачиси — «Ўзсувтаъминот», бош лойиҳачиси — «Гидролойиҳа», бош пудратчиси — To’palang HPD Platinum эканлиги ҳақида ёзган эди.

Давлат харидлари портали маълумотларига асосан лойиҳанинг бош лойиҳачиси ва бош пудратчиси тендерсиз аниқланган.

2021 йил 19 июль куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ўтказилган йиғилиш баённомасига (PDF) мувофиқ, «Ўзбекгидроэнерго» тизимига кирувчи «Гидролойиҳа» лойиҳа-қидирув ташкилоти сифатида танланган.


Сариосиё туманида лойиҳани ишга тушириш маросимида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, вилоят ҳокими Тўра Боболов, «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари, сенатор Абдуғани Сангинов, алоқадор вазирлик ва идоралар, вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари қатнашганди. Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Компания топографик, муҳандислик-геолоик ва геофизик ишларни ўз ичига олган муҳандислик-техник тадқиқотлар олиб бориши, лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиши керак. «Гидролойиҳа» хизматлари қиймати 60,3 млрд сўмга, чегирма билан эса 40 млрд сўмга баҳоланган. Биринчи йилда компания тасдиқланган лимит доирасида 9 млрд сўм олиши керак.

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун шартнома қисмининг нусхаси. Манба: Давлат харидлари портали.

Таъкидлаш жоиз, ишларни баҳолаш вақтида лойиҳанинг тахминий қиймати 1,06 трлн сўм ҳисобга олинган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 19 июлдаги йиғилиш баёнига кўра, техник-иқтисодий ҳисоб-китоб ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 20 млрд сўм ажратилди ва улар 3 кун ичида ўтказиб берилиши лозим бўлган.

To’palang HPD Platinum Вазирлар Маҳкамасининг 18 августдаги (ХДФУ — хизмат давомида фойдаланиш учун шаклидаги) қарори билан лойиҳанинг бош пудратчиси этиб танланган.

Компания билан шартнома 20 август куни имзоланган (давлат харидлари порталида ҳужжатни топишнинг иложи бўлмади). Шунга қарамасдан, 6 декабрь куни имзоланган қўшимча келишувга кўра, 2021 йил доирасидаги шартноманинг умумий ишлар қиймати 527,6 млрд сўмни, шу жумладан, Россиядан олиб келинадиган пўлат қувурларнинг қиймати 317,4 млрд сўмни ташкил этади.

Бош пудратчи умумий қилинадиган ишларнинг 30 фоизи — 175,8 млрд сўм миқдорида аванс олган, қолаверса, қувурларни харид қилиш учун 317,6 млрд сўм авансни қўлга киритган.

Қувурлар қурилишини молиялаштириш манбаи сифатида давлат бюджети кўрсатилган.


Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Аввалроқ уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятов лойиҳалаш ишларига туркиялик мутахассислар жалб қилиниши ҳақида маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа бир неча қисмларга ажратилади ва сувни етказиб бериш туманларга сув қувурлари ётқизилиши билан бошланади.

Корхона ва ташкилотларнинг ягода давлат реестрига мувофиқ, To’palang HPD Holding таъсисчиси ва директори (61,7%) Ислом Абдуғаниевич Абдурахмонов ҳисобланади, у «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангиновнинг ўғли. Таъсисчилар қаторида — Наимжон Жумаев (10,5%), Каримжон Рўзиев (7,1%), Саидумар Холов (4,2%) ва яна 22 нафар жисмоний шахслар (16,5%) мавжуд.


Ислом Абдурахманов тақсимлаш муҳандислик иншоотлари қурилиши билан шуғулланувчи Zafis-Avto Plus (100%) ва Varis Business Complex (70%, овқатланиш ташкилотларининг бошқа турлари) компанияларида улушларга эгалик қилади.

Давлат харидлари тўғрисидаги қонуннинг 64-моддасига мувофиқ, тендер қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

  • ғолибни аниқлаш мезонлари товарнинг (ишнинг, хизматнинг) нафақат пул билан баҳоланишини, балки миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳоланишини ҳам ўз ичига олади;
  • товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМнинг 25 минг баравари ёки 6,75 млрд сўмдан ортиқ (бюджет буюртмачилари учун БҲМнинг 6 минг баравари ёки 1,62 млрд сўмдан ортиқ) миқдорни ташкил этади.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармонлари асосида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича давлат харидларини амалга оширишга рухсат этилган (71 модда). Мазкур ҳолатда шартнома ва шартномага оид қўшимча келишувлар Комплекс экспертиза қилиш марказида комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим.