10 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисининг Uzreport TV нодавлат телеканали орқали узатилган жонли эфири 48 дақиқадан сўнг ўз ниҳоясига етди. Бунга davletovuz Telegram канали эътибор қаратди.

Йиғилиш бошланганини эълон қилган Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати тадбир ноодатий тарзда очилганини маълум қилди: «Кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқишдан олдин Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради. 10 декабр куни мустақиллик ва миллий ғурур рамзи бўлган мадҳиямиз қабул қилинган кун».

Шундан сўнг депутатлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан йўллаган табриги «шу кунларда халқ ва кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётган дастурий ҳужжатга» эътибор қаратишди.

«Инсон қадри юксалаётган юрт. Одамийлик ва бағрикенглик ҳукм сураётган Ўзбекистонда инсон ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун. Бугун, 10 декабрь Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Шу муносабат билан ялпи мажлисда қуйи палата депутатлари ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратдилар», — дейилади палата матбуот хизмати хабарида.

Телевидение орқали намойиш этилган эфир вақтида «бирор-бир масала кўрилмади, балки баландпарвоз гаплар янгради», деб ёзади davletovuz. Унинг қўшимча қилишича, агар эфирни телевидениеда давом эттиришнинг имкони бўлмаса, у интернетда чиқиши керак эди.

Энди ўзбекистонликлар жамиятни ташвишга солаётган жиддий масалалар юзасидан «фильтрланган ахборот ўқишга мажбур». «Парламент президент фармонини ижро этмаяпти. Депутатлар сайловчиларни алдаяпти», — дея қайд этди у.

«Газета.uz» мухбири Қонунчилик палатаси матбуот хизмати билан боғланганда, бу ҳолат Ўзбекистон бокс чемпионатининг 11:00 да эфирга узатилиши олдиндан режалаштирилгани туфайли телеканал томонидан трансляция тўхтатилгани маълум қилинди. Ўзбекистон24 телеканалида эса ялпи мажлис янгиликлар дастурида берилгани боис якунига етмагани айтилди.

Матбуот хизмати ходимининг сўзларига кўра, қуйи палатасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жонли эфирга узатиш IT мутахассислари билан боғлиқ, интернет тезлиги ва узилиб қолиши масалалари муҳокама қилиниши керак.

Бу орада палата расмий билдириш эълон қилиниб, «Парламент қуйи палатаси мамлакатда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди».

Айни дамда муҳокама қилинган масалаларнинг қисқача баёни Қонунчилик палатасининг Телеграм каналида бериб борилмоқда.

Президентнинг 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 1 декабрдан телеканалларда, шунингдек интернет орқали Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг мажлислари (ёпиқларидан ташқари), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари мажлислари, шунингдек, айрим суд мажлисларини (томонларнинг розилиги билан, ёпиқдан ташқари) жонли эфирда намойиш этилиши шарт.

«Мазкур фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларни бузиш давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланади», — дейилади ҳужжатда.