9 декабрь куни regulation.gov.uz порталида Ўзбекистон давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, ушбу кодекс давлат хизматчиларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Кодексга кўра, давлат хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:

  • мансаб ваколатларини сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг органлари манфаатлари йўлида амалга оширишга, давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланган сиёсий давлат хизматчилари бундан мустасно;
  • илмий, спорт, педагогик ҳамда инновацион ғоя ва таклифларни татбиқ этиш билан боғлиқ фаолиятдан ташқари тадбиркорлик ва ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга;
  • ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказиш орқали шахсий фойдани олишга;
  • ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўришга.
  • давлат хизматчисига мазкур моддада белгиланган чекловлардан ташқари бошқа чекловлар қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланиши мумкин.

Лойиҳага биноан, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилишларини таъминлаш бўйича масъул бўлган органлар қуйидагилар ҳисобланади:

  • давлат ташкилотларидаги одоб-ахлоқ комиссиялари;
  • президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги;
  • Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Давлат хизматчисининг ташқи кўриниши меҳнат шароитлари ва хизмат турига қараб, хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида фуқароларнинг давлат ташкилотига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши ва расмийлик, нейтраллик, камтарлик ва интизомни намоён этиши лозим.

Давлат ташкилотларида барча ходимларга иш жойида бир хилда уларнинг сиёсий ва мафкуравий қарашларини ёки динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш ёки белгиларни тақиб юриш тақиқланади.

Лойиҳа муҳокамаси 24 декабрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин давлат хизматчилари оладиган совғалар миқдори қатъий белгиланаётгани ҳақида хабар берилганди.