3 декабрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Таклиф этилаётган лойиҳада фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирмаларга киритиладиган амортизация ажратмалари нормаларини ўртача 2 бараварга ошириш, бир марталик инвестициявий чегирма миқдорларини бинолар бўйича — 10 фоиз, янги технологик асбоб-ускуна бўйича — 20 фоиз белгиланган ҳолда 2 бараварга ошириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, кўчмас мулк жойлашган жойидан келиб чиқиб бир кв. метр учун минимал қиймат жорий этиш, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини пасайтириш, полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкасини 20 дан 10 фоизгача пасайтирган ҳолда, ушбу ставкани унинг импортига ҳам қўллаш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун эса солиқ ва акциз солиғи ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилиш назарда тутиляпти. Бунда, қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун фойдаланилган сув ҳажми қисми ва балиқларни ўстириш, шу жумладан, деҳқон хўжаликлари учун белгиланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2021 йил даражасида (1 куб метр учун 40 сўм) сақлаб қолинмоқда.

Лойиҳада солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектлар ҳисобини ташкил этиш, хусусан, солиқ имтиёзлари ҳисоби бўйича ягона автоматлаштирилган тизимни яратиш, солиқ тўловчининг ҳисоб маълумотларидаги ўзгаришларни шахсий кабинет орқали тасдиқлаш масаласи ҳам акс эттирилган.

Депутатлар томонидан лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди ва қабул қилинди. Қонун лойиҳаси келгуси мажлисларда моддама-модда кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи 10 фоизга ошиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси 2022 йилги давлат бюджети қонуни лойиҳаси ва Бюджетнома бўйича хулосасида баён қилинганди.