«Самарқанд» халқаро аэропорти 10 декабрдан бошлаб минтақавий ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатишни йўлга қўяди, дея хабар бермоқда «Uzbekistan Airports» компанияси матбуот хизмати.

«Айни пайтда, узунлиги 3105 метр ва кенглиги 60 метрлик учиш-қўниш йўлаги, самолётлар учун 24 та тураргоҳ, учиш йўлакчаси ва перронни ўз ичига олган янги аэродром комплекси қурилиши тўлиқ якунланди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, аэродром мажмуасида IKAO иккинчи тоифасига мос келадиган, замонавий, энергия тежовчи ёруғлик сигнализация ускуналари ва қўниш тизими ўрнатилган.

Аэровокзал мажмуасининг қурилиши давом этмоқда. Қурилиш ишлари кузда тугаши режалаштирилган эди.

«Самарқанд» аэропорти 20 октябрь куни янги аэродром мажмуасини ишга туширишга тайёргарлик кўриш муносабати билан ёпилган эди. Бу вақтда авиарейслар республиканинг бошқа — «Навоий», «Бухоро», «Қарши» халқаро аэропортларига вақтинча йўналтирилиб, йўловчилар учун Самарқандгача ерусти қатнови ташкил қилинган эди.

Самарқанд аэропорти 1967 йилда қурилган. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити учун уни қайта қуришга қарор қилинганди. Янги терминал Enter Engineering компанияси томонидан қурилмоқда. Аэропорт хорижнинг Air Marakanda компанияси томонидан бошқарилади.