Pfizer-BioNTech компанияси коронавируснинг янги Omicron штаммидан ҳимоя қила оладиган учинчи-бустер доза устида ишламоқда. Бу ҳақда компания расмий сайтида маълумот берилди.

Дастлабки лаборатория тадқиқотига кўра, учинчи доза билан эмлаш антитаначалар ҳимоясини дастлабки икки дозадан 25 баравар оширади. Қайд этилишича, Pfizer-BioNTech вакцинасининг учинчи дозаси Omicron`дан ҳимоя қила олади.

Компаниялар Omicron`га қарши махсус вакцина устида ишлашни давом эттирмоқда ва агар ҳимоя даражасини ва давомийлигини ошириш зарур бўлса, янги дозани март ойида ишлаб чиқаришни бошлашлари мумкин. Маълум қилинишича, Pfizer-BioNTech 2022 йилда Omicron’га қарши 4 миллиард бустер доза вакцина ишлаб чиқаришга тайёр.

«Вакцинанинг икки дозаси Omicron сабаб юзага келган оғир ҳолатларидан ҳимоя қилиши мумкин бўлса-да, дастлабки маълумотлар асосида вакцинанинг учинчи дозаси ҳимояни янада яхшилаганлиги аниқланди, — деди Pfizer компанияси бош директори Алберт Бурла. — Иложи борича кўпроқ одамни дастлабки икки доза билан тўлиқ эмлашни таъминлаш ва қайта вакциналаш COVID-19 тарқалишининг олдини олишнинг энг яхши усули бўлиб қолмоқда».

Ушбу натижалар дастлабки хулосалар бўлса-да, компаниялар Omicron`га қарши ҳимояни баҳолаш, тасдиқлаш ва энг самарали усулни аниқлаш учун кўпроқ лаборатория маълумотларини тўплашни давом эттирмоқда.

25 ноябрь куни компаниялар коронавируснинг Omicron штаммига қарши вакцина устида иш бошлашганди. Ишлаб чиқариш, режалаштирилганидек, Omicron`дан ҳимоя қилиш даражасини ва давомийлигини ошириш зарур бўлганда йўлга қўйилади. Мутасадди ташкилотлар рухсат берганидан сўнг, компаниялар вакцинани ишлаб чиқаришни бошлашга ва 100 кун ичида етказиб беришга тайёр эканлигини билдирган.