Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга 3 кунлик давлат ташрифи билан 16 декабрь куни боради.

Икки давлат раҳбарлари саммити эса 17 декабрь куни бўлиб ўтади, деб Корея президенти матбуот котибининг сўзларини келтирмоқда Yonhap News агентлиги.

Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин давлатлар ўртасида «келажакка қаратилган ва ўзаро манфаатли» ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирларини муҳокама қилишлари кутилмоқда.

Аввалроқ, Жанубий Корея президенти Шавкат Мирзиёевга сайловдаги ғалабаси билан табриклаб юборган мактубида ташриф ҳақида сўз борганди. «Сиз ва рафиқангиз билан жорий йил декабрь ойида Кореяда учрашишимни орзиқиб кутмоқдаман», — деганди Мун Чже Ин.

Келгуси йили Жанубий Корея ва Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея президентлари онлайн-саммит ўтказганди. Унда давлат раҳбарларининг онлайн-саммит якунлари бўйича рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум, EDCF билан ҳамкорлик бўйича 1 млрд долларлик дастурни амалга ошириш бўйича битим ва бошқа ҳужжатларни имзоладилар.

2019 йил 18−21 апрель кунлари Мун Чжэ Ин Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Ўзбекистонга ҳам ташриф бурганди. Ўшанда давлатлар раҳбарлари алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаганди.

Ўзбекистон етакчиси 2017 йилда давлат таширфи билан Кореяга борганди ва унда Миллий мажлисда нутқ сўзлаганди.