«Қўйлиқ» бозорини кўчириш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2017 йилдаёқ қабул қилинган эди. Бу ҳақда «Газета.uz» танишиб чиққан Вазирлар Маҳкамасининг фармойишида сўз борган.

Пойтахтнинг энг йирик бозорларидан бири кўчирилиши ҳақидаги хабарлар тарқалганига бир неча кун бўлди (кўчириш тўғрисидаги хабарлар бир неча йил аввал ҳам тилга олинганди). Шаҳар ҳокимлиги бундай қарор Тошкент ҳалқа йўлини кенгайтириш ва унинг устидан ўтадиган чорраҳаларни кенг кўламли реконструкция қилиш режалари билан боғлиқлигини маълум қилди. Ҳокимият тез фурсатларда лойиҳа ҳақида батафсил маълумот беришга ваъда берди.

Қўйлик бозори қаерга кўчирилади?

Пайшанба куни бозор Қўйлиқдан 6,5 км узоқликда, Тошкент вилоятида (локация) жойлашган Food City савдо мажмуасига кўчирилиши ҳақида хабарлар тарқалди. У мамлакатдаги биринчи қишлоқ хўжалиги кластери ва замонавий савдо майдончаси ҳисобланади.

Food City вакилининг «Газета.uz»га маълум қилишича, халқаро тажриба ўрганилгач, бозорни пойтахт ташқарисига ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.

«Агар халқаро тажрибага қарайдиган бўлсак, унда барча бозорлар шаҳар ташқарисида жойлашганини кўришимиз мумкин. „Қўйлик“ — бу озиқ-овқат маҳсулотларини Тошкент бўйлаб тақсимловчи марказ. Кўплаб кичик дўконлар бу ерда маҳсулот харид қилади ва уларни уйлар олдидаги дўконларда сотади. Транспорт оқимининг кўплиги эса йўлларда тирбандликлар ҳосил бўлиши сабаб бўлади», — дея таъкидлади компания вакили.

У шунингдек, Қўйлик бозорида ишлайдиганлар янги бозорда жой ажратишда устуворликка эгалигини айтди. Уларга пойтахт ҳокимлиги томонидан савдо жойи учун ўрнатиладиган ижара пулидан 80 фоизлик чегирма тақдим этилади.

Kun.uz нашрининг ёзишича, савдо марказидаги дўконлар июль ойидан бошлаб ижара сифатида таклиф этила бошланган. Ижара пули 50 млндан 100 млн сўмгачани ташкил қилган. Мажмуа вакили эса бу бошланғич нарх эканлигини, 100 млн сўмдан кўпроқ маблағ гаров сифатида талаб этилиши, ойлик ижара пули эса 3,5 млн сўмни ташкил этишини айтган.

Food City вакилининг «Газета.uz»га маълум қилишича, янги бозордан узоқроқда истиқомат қилувчи истеъмолчилар, шу жумладан, энг яқин метро бекатларидан бепул автобус йўналишларини жорий этиш режалаштирилган. Ҳозирда ҳаракатланиш схемаси ишлаб чиқилмоқда ва зарар автобуслар сони аниқлаштирилмоқда.

Ҳукумат фармойишида нималар қайд этилган?

«Газета.uz» ўрганиб чиққан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги буйруғида «Бектемир Нур агро» va «Турсунов Улуғбек агро» фермер хўжаликларига қарашли бўлган 55 гектар майдонни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш корхонаси, деҳқон (озиқ-овқат) бозори, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи савдоси мажмуаси, йирик савдо мажмуаси (гипермаркет), шунингдек, автомобиль тўхташ жойи ва автобус бекати қурилиши учун ажратиш назарда тутилган.

Мажмуани қуриш таклифи Тошкент вилояти ҳокимлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва «Тошкентвино» комбинати томонидан билдирилган.

Қурилиш мақсадлари сифатида «Тошкент шаҳри аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, замонавий талабларга жавоб берадиган қулайликлар яратиш ва хизматлар кўрсатиш, ушбу фаолият билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини республиканинг бошқа ҳудудларидан тез ва арзон етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш» кўрсатилган.

Янги мажмуанинг очилиши 2019 йилга мўлжалланган эди. Қурилиш буюртмачиси сифатида «Тошкентвино» комбинати танланган, бош пудратчи эса — «Ўзагросаноатлойиҳа» ҳисобланади. Лойиҳа президентга ҳам тақдим этилган.

Фармойишда қайд этилишича, қурилиш ишлари якунлангач, савдо билан шуғулланувчи ва Қўйлик деҳқон бозори ҳудудида хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар (фермер ва деҳқон хўжаликлари) янги комплексга кўчирилади.

Food City


Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри очиқ маълумотларига кўра, Food City`га 2017 йил 5 декабрда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида ташкил этилган Food City Tashkent эгалик қилади. Асосий фаолият тури — нотурар жойлар бошқаруви ва ижараси ҳисобланади.

Унинг таъсисчилари қаторидан Procab (60,7%), «Трастбанк» компанияси Trast Leasing (26%) ва «Тошкентвино» (13,3%) ўрин олган. Раҳбари эса Дилшод Хабибуллаевич Самигов.



Procab кабель ва сим маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниянинг 47,8% улуши Inter Alltech Limited Kompaniyasi`га тегишли (Google орқали қидирувлар «Аллтек» Россия компаниялар гуруҳига қарашли эканини кўрсатмоқда). 26,1% улушга Дилмуроджон Батирович Парпиев эгалик қилса (отасининг исми ва фамилияси ДСҚнинг собиқ раҳбари Ботир Парпиевнинг исм ва фамилияси билан бир хил), қолган 26,1% улуш Тохир Мирахимович Шариповга қарашли.

Дилмурод Парпиев ва Тозир Шарипов шунингдек, Inco-Construction (Inco компаниялар гуруҳи), Alutex, Inco Invest, Furnir ва Presystem Universal компанияларида тенг (50%) улушларга эга.

«Тошкентвино»нинг энг йирик акциядорлари қаторидан — 31,4% улуш билан Буюк Британиянинг Виржиния оролларидаги Fruit Industrials S. A. компанияси ўрин олган.

Сотувчиларнинг норозилиги

Пайшанба куни бозор кўчирилиши ҳақидаги хабарлар ортидан интернетда Қўйлик бозори автотураргоҳига машиналар киритилмаётгани акс этган видеолар тарқалди. Лавҳаларда бир гуруҳ одамлар бозор олдидаги йўлни тўсишга уринаётганини кўриш мумкин. Бу борада расмий муносабат ҳозирча билдирилгани йўқ.

Бозор ишчиларининг Kun.uz`га берган интервьюсида бозор кўчирилиши мижозлар йўқотилиши ва савдо-сотиқнинг тушиб кетиши, айниқса, қишлоқ хўжалиги фаол сотилаётган мавсум даврида бу салбий таъсир кўрсатишини маълум қилган.

Улар жуда юқори ижара нархидан ва биноларнинг майдонлари кичиклиги сабаб маҳсулотларни сақлаш учун етарлича жой мавжуд эмаслигидан, шунингдек, автобус ва метро йўналишларининг етишмаслиги туфайли бозорга етиб олишда қийинчиликлар туғулишидан шикоят қилган. Савдогарларнинг фикрича, кўчирилиш туфайли кўпчилик даромадини йўқотади ва маҳсулот нархи ошиб кетади.