Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги X асрга мансуб Миздакхон мақбараси, Қиёмат соати ва Ережеп Халифа маесжиди атрофидаги ерларни янги қабрлар учун сотиш бошланди. Бу ҳақда блогер Лилия Николенко ўзининг Facebook-саҳифасида маълум қилди.

«Қорақалпоғистондан сурат юборишди. Маздакхон мақбарасининг бугунги аҳволи. Машҳур Қиёмат соати, Ережеп Халифа масжиди. Эрамизнинг 10-асри», — дея гап бошлаган Лилия Николенко фотосуратни илова қилди.

Унинг қайд этишича, ўрта асрларга оид осори атиқа деворларининг шундоқ тагидан майитни кўмиш учун жой сотиш бошланган.

«Афсонага кўра, ҳозир сиз суратда кўриб турган Ережеп Халифа масжиди ва шу кунларда ўрнатилган катта қора қабртош турган жой Қиёмат соатининг жойидир. Ережеп Халифа масжиди деворларидан қулаган ҳар бир ғишт билан вақтни ҳисоблашади. Шу сабабли зиёратчилар бу ерга келиб, қулаб тушган ғиштлардан пирамидалар ясашади. Яратгандан нажот сўраб дуо қилишади», — деб ёзади у.

Таъкидланишича, Маздакхон — Қорақалпоғистонда Савицкий музейидан кейин иккинчи машҳур туристик объект ҳисобланади.

Шу ерда Мазлумхон Сулув ерост имақбараси, Жўмарт қассоб афсонавий тепалиги ҳам бор. Шунингдек, уч йил муқаддам бузиб ташланган муқаддас Шамун Наби мақбараси ушбу ҳудудда жойлашган эди.

Блогернинг қайд этишича, Шамун Набини бузиб ташлашгандаёқ унинг атрофида жуда катта майдонни тозалаб, очиб қўйилгани уни сергаклантирган.

«Энди бу ерда замонавий ҳашаматли қабристон бўладиган кўринади. Менда Маздакхонни туристик объект сифатида режали бузишмоқда деган хулоса пайдо бўляпти», — дея сўзига якун ясади Лилия Николенко.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Қорақалпоғистондаги «Қизил қалъа» ва «Шамун Набий» ёдгорликларида олиб борилган таъмирлаш ишлари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Жумладан, ушбу объектлар тарихий қиёфаси сақлаб қолинмаган ҳолда реставрация ва консервация қилинган.