Адлия вазири ўринбосари Акбар Ташкулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан адлия вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди. Буни «Газета.uz»га Адлия вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.

«Газета.uz» манбасига кўра, у Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимига тайинланиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар университет проректори Исломбек Рустамбеков вақтинча ректор вазифасини бажариб келаётган эди.

Ташкулов Акбар Джурабаевич 1971 йил 21 сентябрда Жиззах вилояти Жиззах туманида туғилган. Маълумоти — олий, ҳуқуқшунос, биринчи даражали адлия маслаҳатчиси.

Акбар Ташқулов вазир ўринбосари лавозимига 2017 йилда тайинланган эди. Бунга қадар эса Адлия вазирлигининг турли лавозимларида ишлаб келган. Шунингдек, президентининг 2015 йил 28 августдаги фармони билан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвонига сазовор бўлган.