8 декабрь куни эрталаб об-ҳаво шароити туфайли кўришнинг ёмонлашиши Урганч, Нукус ва Навоий аэропортлари фаолиятига ўзгаришлар киритилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкентдан учаётган HY051 рейси Урганч аэропортига соат 08:20 да қўниши керак эди. Бироқ мезбон аэропортдаги қалин туман туфайли — кўриш имконияти 200 метргача тушиб кетгани боис қолдирилди. Самолёт пойтахтдан соат 11:00 да ҳавога кўтарилиб, Урганчга 12:10 да етиб бориши хабар қилинди.

Тошкент — Нукус йўналиши бўйича HY011 рейси кечиктирилишига ҳам туман сабаб бўлди. Самолёт Тошкентдан соат 07:30 да парвоз қилиши керак эди, бироқ об-ҳаво шароити ноқулай келганлиги сабабли парвоз соат 10:30 да қолдирилди.

«Навоий» аэропортини ҳам қуюқ туман қоплади — кўриш масофаси 300−350 метрни ташкил қилган. Бироқ эрталабки соатларда йўловчилар қатнови жадвалда бўлмаган.

Айни пайтда аэропортларда об-ҳаво шароити қулай экани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни ҳам тонгда Урганч ва Андижон аэропортларида ёмон об-ҳаво натижасида самолётлар учиш ва қўнишни амалга ошира олмаган эди. «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Москвадан учган рейси Нукусдаги захира аэродромга қўнишга мажбур бўлди.