Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова айни кунда марказда 7 нафар чақалоқ, 18 ёшгача бўлган 97 нафар бола даволанаётганини маълум қилди. Бу ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Covid марказнинг жонлантириш бўлимларида 2 нафар бемор бола шифокор ва ҳамшираларнинг назорати остида даво муолажаларини олмоқда.

«Беморлар орасида 64 нафар ҳомиладор аёл ҳам бўлиб, айни кунда уларнинг 3 нафари реанимация бўлимида даволаняпти. Эътиборлиси, жорий йил бошидан буён шифохонамизда 422 нафар чақалоқ дунёга келди», — деди шифокор.

Аввалроқ, Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов шифохонада 160 нафарга яқин бола даволанаётгани, касалланган ўрта ҳолатдаги бемор муолажаси учун давлат ҳисобидан 15 млн сўмгача маблағ сарфланаётгани маълум қилган эди.

Шунингдек, 4 декабрь куни Анвар Ҳусанов Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга гумон қилинган, ПЗР тест тасдиқланган ва пневмонияга чалинган 737 нафар бемор даволанаётганини қайд этган. Унинг сўздларига кўра, сўнгги 10 кун ичида муассасага ўрта ҳисобда ҳар куни 85 нафар бемор қабул қилиниб, кунига уларнинг ўртача 63 нафари соғаймоқда.

11 октябрда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига 18 ёшгача бўлган 3 658 нафар бола COVID-19 ташхиси билан ётқизилган. Уларнинг энг катта қисми, яъни 1 263 нафарини 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этган.