АҚШ Демократлар партиясидан бир гуруҳ сенаторлар Оқ уй маъмурияти ва Давлат департаментини Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият туфайли босим ўтказишга чақириб мактуб йўллади. Бу ҳақда Kun.uz сенатор Боб Менендес эълон қилган пресс-релизга таяниб хабар қилди.

Давлат котиби Энтони Блинкенга йўлланган мактубга сенаторлардан Боб Менендес (Нью-Жерси), Крис Ван Холлен (Мэриленд), Дик Дурбин (Иллинойс), Кирстен Гиллибранд (Нью-Йорк), Шеррод Браун (Огайо) ва Бен Кардин (Мэриленд) имзо чеккан.

Хатда қайд этилишича, икки давлат вакиллари шу ой охирида стратегик шерикчилик тўғрисидаги биринчи мулоқот доирасида учрашишлари керак.

«АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқарилганидан кейин Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларимиз манфаатларимиз ва қадриятларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этди. Хавфсизлигимизни мустаҳкамлаб, терроризмга қарши курашишни мувофиқлаштирар эканмиз, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳам ҳамкорлигимизда аҳамиятли эканини таъкидлашимиз лозим», — дейилади мактубда.

Қайд этилишича, мазкур учрашув «Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон билан муносабатларида асосий компонент сифатида инсон ҳуқуқларига ҳурмат ўрнатиш» юзасидан ноёб имкониятни тақдим этади.

«Ислоҳотларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив давлатларидан бири бўлиб қолмоқда ва сўнгги муваффақиятларга путур етказиш хавфи мавжуд», — деб ёзди сенаторлар.

Халқ вакиллари Ўзбекистонда эркин сўз ва ОАВ фаолиятидаги чекловлар, шунингдек, сиёсий либераллашув йўналишида ўсиш йўқлигидан хавотир билдирдилар.

Бундан ташқари, сенаторлар Ўзбекистон ҳукуматини амалда ислоҳотларни давом эттириш ва жиноят қонунчилигини ислоҳ қилишга чақирди.

Хулоса қисмида сенаторлар Оқ уй маъмурияти ва Давлат департаментини Ўзбекистон вакиллари билан учрашув жараёнида юқорида санаб ўтилган муаммоларни кўтариш ва муҳокама қилишга чақирди.