Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциясини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси доирасида баҳорги мониторинг чоғида ушбу ҳудудда илгари топилмаган янги қуш тури — чўл буқаси аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги лойиҳаларнинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганиш бўйича икки босқичли хавф таҳлилини ўтказади. Биринчи босқичда Халқаро тараққиёт институтлари (Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки) кўмагида вазирлик тахминан бир йил давомида маълумотларни йиғади. Бунда нафақат лойиҳа учун ажратилган ҳудудда, балки 50 км радиусда ҳам ўрганиш ишлари олиб борилади.

Ҳозирда қушлар, кўршапалаклар, судралиб юрувчилар ва бошқа ҳайвонларнинг сони ва турлари ўрганилмоқда. Шунингдек, ўсаётган ўсимликлар ва ер ости сувлари ҳам кузатиб борилади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ижтимоий таъсир соҳасида халқаро миқёсда тан олинган экспертлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижаларга кўра, ижобий хулоса бўлса, танланган майдонда электр станциясини қуришга рухсат берилади.

Иккинчи босқичда экологик ва ижтимоий тадқиқотлар бевосита инвестор томонидан қурилиш бошланишидан олдин камида 6 ой давомида ўтказилади. Бундай тадқиқотлар биринчи босқичида қилинган қадамларни қисман такрорлайди. Бироқ инвестор, кредиторлар ва республика ҳукумати қурилиш ишлари атроф-муҳитга ҳеч қандай таъсир этмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак.