Шаҳарлараро автобусда йўл ҳақи нархлари йил бошидан буён ўртача 9,4 фоига ошган, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси.

Ноябрь ойининг ўзида шаҳарлараро автобусда йўл ҳақи нархлари октябрь ойига нисбатан ўртача 0,4 фоизга қимматлашгани маълум қилинди.

Шунингдек, шу йилнинг январь-октябрь ойларида жами 773 дона автобус ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,6 фоизга ошган.

Маълумотга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда 1442 та автобус ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йил — пандемия даврида ишлаб чиқариш ҳажми (566 та) кескин камайиб кетган.

Аввалроқ, ҳудудларда 310 та янги автобус йўналишлари ташкил этилиши маълум қилинганди. Ўшанда аксарият йўналишлар (66 та) Андижон вилоятида пайдо бўлиши қайд этилганди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида 30 та, Жиззах ва Хоразмда 26 та, Навоийда 21та, Тошкент, Наманган ва Қашқадарёда 20 та, Фарғонада 18 та, Сурхондарёда 17 та, Бухоро ва Сирдарёда 16 та ва Қорақалпоғистонда 14 та йўналишлар очилиши маълум қилинганди.