2 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида метрода 13 ёшли қизга тегажоғлиқ қилган фуқаро К. Ш. га (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг хабар беришича, ёпиқ суд жараёни бўйича суд ҳукми эълон қилинган.

Унга кўра, К. Ш. 2021 йил 18 сентябрь куни Тошкент метрополитени поездининг вагонида вояга етмаган қиз болага нисбатан ножўя ҳаракатлар қилган бўлиб, Жиноят кодексининг 129- моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромадига ушланган ҳолда 2 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 10 ой 21 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб йигирма сутка ичида Тошкент шаҳар суди ЖИБ судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириши мумкин.