АҚШ ҳукумати 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпиадага дипломатик бойкот эълон қилди. Мамлакат расмий шахслари Ўйинларда бўлмайди, дея хабар берди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифингда.

ХХРнинг Синьцзянда геноцит [уйғурлар ҳақда кетмоқда] уюштираётгани ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишларини ҳисобга олган ҳолда Байден маъмурияти 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган қишги Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларига дипломатик ёки расмий делегацияларни юбормайди, дейилади баёнотда.

Бу қарор спортчиларга тааллуқли эмас — АҚШ термаси Олимпиадада иштирок этишлари мумкин. Халқаро Олимпия қўмитаси Америка ҳукумати қарори ҳурмат қилинишини таъкидлади: «Ҳукумат амалдорлари ва дипломатларнинг бўлиши, бу — ҳар бир ҳукуматнинг соф сиёсий қарори бўлиб, ХОҚ сиёсий бетарафликка тўлиқ ҳурмат билан қарайди. Айни вақтда [АҚШнинг] мазкур баёнот Олимпия ўйинлари ва атлетларнинг иштироки сиёсатдан ташқари эканини кўрсатади ва биз буни олқишлаймиз».

Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси қарорни «сиёсий манипуляция» ва «жимжимадор қадам» деб атади. Дипломатик ваколатхона вакили Лю Пэнъюйнинг ТАССга маълум қилишича, Америка вакилларининг Олимпиадада бўлмаслиги «ҳеч кимни хавотирга солмайди».

«Америкалик сиёсатчиларга ҳеч қандай таклифнома келиб тушмади, демак, мазкур „дипломатик бойкот“ шунчаки ҳеч қаердан вужудга келган. […] Аслида бу одамлар келадими ёки йўқми, ҳеч кимни хавотирга солмайди, бу 2022 йилда Пекинда қишги Олимпиада ўйинларининг муваффақиятли ўтказилишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», — деди у.

Аввалроқ Канада ва Норвегия сиёсатчилари, шунингдек, турли давлатлардан қарийб 200 та ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўйинларга бойкот эълон қилишга чақирган эди. Буюк Британия ҳам дипломатик бойкот эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Сиёсатчиларнинг сўзлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотларига кўра, Хитойда ислом динига эътиқоб қилувчи туркий миллат вакиллари, жумладан уйғурлар ёпиқ меҳнат лагерларида ушлаб турилибди, улар мажбурий равишда бичилиб, қийноққа солинмоқда.