7 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Ижроия қўмитаси директори лавозимидаги миссиясини якунлаётган Жумахон Ғиёсовни қабул қилди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Учрашув давомида Абдулазиз Камилов Афғонистонни қўллаб-қувватлаш масаласига яна бир бор тўхталиб ўтди.

«Афғонистондаги вазият ҳақида гапирганда бугунги кунда қуруқ сўздан амалий ишларга ўтиш вақти келди, — деди вазир. — Чунки қиш яқинлашмоқда ва мамлакатдаги вазиятнинг беқарорлашишига олиб келиши мумкин бўлган гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун афғон халқига аниқ ёрдам кўрсатиш ниҳоятда муҳим ҳисобланади».

Мулоқот вақтида таъкидланганидек, Ўзбекистон ташкилотга аъзо давлатларнинг терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ШҲТнинг асосий органи бўлган МАТТ фаолиятига катта аҳамият қаратмоқда.

2022 йил 1 январдан ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори лавозимида Ўзбекистон вакили Руслан Мирзаев фаолиятини бошлайди.