3 декабрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти шафелигида Марказий Осиё тадбиркор аёллари Дискуссион клубининг инаугурацион йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлис Сенати ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Марказий Осиё тадбиркор аёллари» дастури ҳамкорлигида ташкил этилган. Унга «Тадбиркор аёлларни молиялаштириш ташаббуси» (We-Fi) ҳомийлик қилмоқда.

Ташкилотчилар тақдим этган маълумотларга кўра, дискуссион клуб аёллар тадбиркорлиги соҳасида мунтазам фикр алмашиш ва илғор тажрибаларни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудий савдо, инвестицияларни жалб этишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишга қаратилган. Шунингдек, клуб Марказий Осиё давлатларининг тадбиркор аёллари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишни кўзда тутади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий директори Мирьяна Сполярич Эггер ушбу дискуссион клуб аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ўрганиш, долзарб муаммоларни аниқлаш ва биргаликда ечим топишга қаратилган ажойиб ташаббус эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Сенати раиси, Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти раиси Танзила Нарбаева ишбилармон аёллар, ҳукуматлар ва парламентлар вакилларини ҳамда халқаро ҳамкорларни бирлаштирган Марказий Осиё тарихидаги илк минтақавий платформа — Дискуссион клубни ташкил этишнинг муҳимлигини қайд этган.

Тадбир доирасида минтақа мамлакатларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳамда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашишда ҳукуматларнинг ўрни муҳокама қилинган. Хотин-қизлар тадбиркорлиги бўйича вакиллар ҳозирги ҳуқуқий муҳитнинг уларнинг кундалик фаолиятига таъсири, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган.

Маълумот учун, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти — 2020 йил декабрда бўлиб ўтган минтақа етакчи аёлларининг биринчи учрашувида расман иш бошлаган норасмий коалициядир. Мулоқотда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этади. Биринчи йил унга Ўзбекистон раислик қилмоқда.