Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль тарихи» маълумотларини тақдим этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

2022 йил 1 январдан бошлаб «Aвтомобиль тарихи» маълумотларини шартнома асосида Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизматини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Унга кўра aвтомобиль тарихи қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

  • давлат рўйхатидан ўтказилган санаси;
  • юрган масофаси;
  • фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги;
  • йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги;
  • транспорт иштирокида содир этилган қоидабузарликлар (мавжуд бўлса);
  • унинг гаровда эканлиги ҳақидаги;
  • унга нисбатан тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги;
  • йўловчи ташиш бўйича лицензия варақаси олингани ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар.

«Автомобиль тарихи» дастурини ишга тушириш учун идоравий ахборот тизимлари, хусусан Ички ишлар вазирлигидан автомобиль тўғрисида маълумотлар, Адлия вазирлигидан шартномалар, Молия вазирлигидан олинган суғурта, Транспорт вазирлигидан ташиш учун лицензия варақаси мавжудлиги бўйича ахборот тизимларини интеграция қилиш керак бўлади.

Маъмурий регламент лойиҳасига асосан маълумотларни олиш учун ДХМда ёки ЯИДХП орқали ариза берилади. Унинг асосида тегишли органга сўров юборилади.

Мурожаат қилган шахсга давлат хизмати Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилгани учун БҲМнинг 20 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Бу ҳолат ЯИДХП орқали мустақил мурожаат қилинганда эса мазкур сумманинг 90 фоизини ташкил этади.

Қарор лойиҳасига кўра, олинган маълумотлар ахборот хусусиятига эга ва кейинги расмий ҳаракатлар учун асос ҳисобланмайди.