Тошкент давлат техника университетига ўқишга киритиб қўйишга ҳамда Қибрайдаги «Халқаро молия ва технологиялар хусусий институти»га ўқишни ноқонуний кўчиришга уринган шахслар қўлга тушди.

Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Таъкидланишича, Тошкент давлат аграр университети ассистенти Р.Г. фуқаро Ф.дан унинг укаси У.ни танишлари орқали Тошкент давлат техника университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 4500 АҚШ долларини олганида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунга ўхшаш ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилган. Унда фуқаро Д.Б. фуқаро Ф.нинг Қозоғистонда жойлашган «Тараз халқаро инновация институти»даги ўқишини Қибрай туманида жойлашган «ISFT» «Халқаро молия ва технологиялар хусусий институти»га кўчириб беришига ишонтирган. Бунинг эвазига эса 3 минг доллардан 2700 долларни олганида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.