Апрелда Бош прокуратуранинг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этганди. Унинг отаси қонунда белгиланган тартибда нафақа пуллари тўлаб берилмагани учун Бош прокуратура устидан судга мурожаат қилганди.

Август ойида биринчи инстанцияда унинг даъвоси рад этилган. Шундан сўнг, марҳумнинг отаси апелляция шикояти киритган эди.

Тошкент шаҳар суди ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу апелляция шикояти 12 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш бошланган.

Ишни кўриш жараёнида ИИВ Тиббиёт бошқармаси, Бош прокуратурадан олти нафар ходим ва ўша куни бўлимда иш ўрганишда бўлган Ҳарбий прокуратура аппарати ходими, Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси, ССВ, Шайхонтоҳур туман прокуратураси, Миробод тумани прокуратураси ходимлари жалб этилган.

Шунингдек, РСТЭИАМ Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлими Сергели пунктининг давлат суд тиббий экспертизасидан, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси, Касаба уюшмалари федерацияси, Миробод тумани Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясилари вакилларнинг кўрсатмалари эшитилиб, ёзма маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар олинган.

Ишни кўришда марҳум С. Рахмоновнинг хотини Н. Рахмонова ишга жалб қилинмагани, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмагани аниқланган.

Биринчи инстанция судида иш кўрилиши мобайнида марҳумнинг отасида унинг манфаатларида судга мурожаат қилиш ва иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ишончнома бўлмагани, қолаверса, А. Рахмоновнинг ўзи боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш ҳуқуқига эга шахслар доирасига кирмаслиги маълум қилинди.

Шу сабабли, 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилди.

Бундан ташқари, ишни кўриш чоғида қонунчилик бузилганлиги, ишни пухта ўрганмаганлиги сабабли 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан РСТЭИАМ Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлими Сергели пунктининг давлат суд тиббий экспертизасининг бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг бошлиғига нисбатан хусусий ажримлар чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Бош прокуратура матбуот хизматининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов юрак хуружи сабаб вафот этганди. Август ойига келиб унинг отаси Бош прокуратура устидан арз қилгани ҳақида ёзган эдик.

Иш ФИБ Миробод туманлараро судининг 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Рахмановнинг (марҳумнинг отаси) иш жойидан нафақа пули ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво ва қўшимча даъво аризалари рад қилинганди. Даъвогар мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти киритган.

Ноябрь ойи ўрталарида Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими бўйича Меҳнат вазирлиги ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига тегишли тартибда хабар бермаганини маълум қилди.