Текширув вақтида ҳайдовчини суратга оладиган янги намунадаги алкотестердан фойдаланиш бошланди. Шу каби ускуналарнинг 150 донаси бутун республика бўйлаб йўл патрул хизмати ходимларига тарқатилди, деб хабар бермоқда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси.

Таъкидланишича, йўл патрул хизмати ходими ҳайдовчини алкогол истеъмол қилганликда гумонласа, ушбу мосламадан фойдаланган ҳолда буни автомобиль тўхтатилган жойнинг ўзида текшириш мумкин бўлади.

Мосламага шунингдек, текширув жараёнида қўлланиладиган бир марталик пуфлаш учун ускуна ҳам қўшиб тақдим этилади.

Қурилма иккита — актив ва пассив режимда ишлатилади. Пассив режимда алкотестернинг пуфлаш томони ҳайдовчига қаратилади ва унинг оғзидан чиққан этанол буғи ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмол қилгани ёки йўқлигини аниқлаб беради. Агарда у маст ҳолда бўлса, алкотестердаги миллиграмм кўрсаткичи кўтарилади.

Ҳолат тасдиқлангач, буни аниқроқ текшириш учун қурилма актив режимга ўтказилади. Бунда пуфлаш учун мўлжалланган бир марталик ускунадан фойдаланилади.

«Алкотестерда камера бўлиб, пуфлаш жараёнида ҳайдовчининг юз қисмини тасвирга олади ва чекда акс эттади», — дейилади хабарда.

Ҳайдовчи оғзидан чиққан буғ концентрацияси 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлса, у спиртли ичимлик истеъмол қилган деб топилади ва тегишли равишда баённома тузилади.