Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 5−6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ташриф дастурига мувофиқ, Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади, уларда биродар халқлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилади.

«Сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам кун тартибига киритилган», — дея қайд этди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари халқаро масалалар юзасидан фикр алмашадилар ва минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қиладилар.

Саммит якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган.

Ташриф арафасида Нур-Султонда икки мамлакат етакчи компания ва тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ҳам ўтказилади.

Қайд этиш жоизки, бу Ўзбекистон президентининг октябрда ушбу лавозимга қайта сайланганидан кейинги биринчи давлат ташрифи ҳисобланади. Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Туркия ва Россияга ташрифларни амалга оширди.