Қонунчиликда давлат хизматчилари томонидан қабул қилинадиган турли қимматликлар миқдори ва тартиблари қатъий белгиланмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда давлат идоралари, айниқса, маҳаллий ҳокимликларга тадбиркорлар томонидан ҳомийлик сифатида турли қимматликлар, шунингдек, ишлар ва хизматлар беғараз тақдим этилаётгани, давлат ва шахсий масалалар аралашиб кетаёгани, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилаётгани ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, 30 ноябрь куни Латипова Зиёда Бахромовнага тегишли Mercedes Benz S500 Hybrid русумли, давлат рақами 01М798НВ бўлган қора рангли енгил автотранспорт воситаси ҳокимликка ихтиёрий равишда беғараз (текинга) совға қилинган эди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedes-Benz совға қилинишида қонун бузилиши бўлмаганини айтди.

«Газета.uz»га маълум қилинишича, президент томонидан давлат хизматида совға олиш-бериш, шунингдек, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасига «Совға сиёсати» номли алоҳида боб киритилди. Унда давлат хизматчилари қабул қиладиган совғаларнинг миқдори ва тартиблари қатъий белгиланмоқда.

Бундан ташқари, давлат хизматига ишга қабул қилиш ва унда фаолият олиб боришда қариндош-уруғчилик (непотизм) каби коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга йўл қўйганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди ва куни кеча жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди, дейилади агентлик маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Антикоррупция агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedez-Benz совға қилингани бўйича текширув ўтказаётгани ҳақида хабар берилганди.