Жаҳон банки (ЖБ) бошқаруви Афғонистонга музлатилган активларидан 280 млн доллар ажратишга қарор қилди. Маблағлар БМТнинг гуманитар инқирозни енгиб ўтишга кўмаклашаётган иккита агентлиги — Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ва Болалар жамғармасига (ЮНИСЕФ) ўтказиб берилади, дея хабар қилди Reuters.

Маблағларни ўтказиб бериш Жаҳон банки томонидан бошқариладиган Афғонистон реконструкция траст жамғармасининг (ARTF) 31 та донори томонидан тасдиқланиши керак. АҚШ ва бошқа йирик донорлар учрашуви 3 декабрь куни бўлиб ўтиши керак. ARTF ҳисобларида ушбу мамлакат учун мўлжалланган 1,5 млрд доллар тўпланган.

Аввалроқ БМТ келгуси йилда ҳарбий можаролар ва қашшоқликдан азият чекаётган умумий аҳолиси 183 млн бўлган мамлакатларга 41 млрд доллар ажратишга чақирган эди. Улардан бештаси — Афғонистон, Сурия, Яман, Эфиопия ва Судан — энг кўп молиялаштиришга муҳтож. Афғонистон эҳтиёжлари учун 4,5 млрд доллар зарур ва эҳтиёж кундан-кунга «катта суръатларда» ўсиб бормоқда, дея қайд этди БМТ.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев август ойида ШҲТ саммитида Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларидаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилган эди.