Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги медтехникумда таҳсил олувчи талаба қиз ўзини 5 қаватли ётоқхона деразасидан ташлаб, вафот этганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Бош прокуратура матбуот котиби берган маълумотларга кўра, ушбу воқеа 30 ноябрь куни 19:00да содир бўлган.

Аниқланишича, 2001 йилда туғилган қиз Қарши шаҳрида жойлашган «Абу Али ибн Сино» номидаги жамоат саломатлиги техникумининг 2-босқичида ўқиган. 30 ноябрь куни у мазкур техникум ётоқхонасининг 4-қаватидан сакраб, ўз жонига қасд қилган. Бироқ, бунга нима сабаб бўлгани ҳали маълум қилинмаган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, марҳуманинг ўлим сабаблари ва ишга алоқадор бўлган бошқа ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ишга алоқадор бўлган шахслардан тушунтириш хатлари олинмоқда, дейилади Бош прокуратура хабарида.