Ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчилар ўз телефонларига пластик карталаридан пул маблағлари ечиб олинаётгани бўйича хабарлар келаётганини билдириб, постлар жойлашган. Сўнгги 3 кунда бу каби ҳолатлар бўйича Facebook`да 20 га яқин постлар ёзилган, уларга минглаб фойдаланувчилар шу каби муаммога дуч келганлиги ҳақида изоҳлар қолдиришган, дея келтирмоқда Bankers.uz.

Фото: Bankers.uz

Маълумотларга кўра, фойдаланувчиларнинг аксарияти пул маблағлари уларнинг анчадан бери фойдаланилмаётган ёки аллақачон муддати ўтган пластик карталаридан ечиб олинганлигини таъкидлашган.

Шунингдек, улар бу вазиятга аниқлик киритиш мақсадида, хизмат кўрсатувчи банкка қўнғироқ қилиб кўрган ва улардан вазият бўйича аниқ жавоб ололмаган.

Bankers.uz ушбу ҳолат юзасидан бир қатор тижорат банклари, шунингдек Марказий банк масъуллари билан боғланиб, изоҳ олган. Уларнинг маълум қилишича, банк мижозини идентификация қилишнинг, яъни амалдаги меъёрий ҳужжат талабларига кўра ЖШШИР рақамини аниқлаш, имкони бўлмагани боис, мижозларнинг картасидаги маблағ «ҳаракатсиз» (спящий) ҳисобрақамга олинган.

Бунга асос қилиб президентнинг 2021 йил 23 мартдаги «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» фармони келтирилган.

Унга кўра, 2021 йил 1 июлдан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, мазкур фармонда ЖШШИР барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор деб ҳисобланиши айтилган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, Марказий банк айрим банклар мижозларни топишга ҳаракат қилмай, уларнинг муддати ўтган ёки ишлатилмай турган карталаридаги маблағларни «ҳаракатсиз» ҳисобрақамга олиб ўтганлиги натижасида мазкур ҳолат юз берган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмаган.