Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузувчи шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бу борадаги чоралар президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган 2022−2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясидан ўрин олган.

Унга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузувчиларга, оғир оқибатларга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларини содир этганларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш, шу жумладан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум қилиш тарзидаги жиноий-ҳуқуқий таъсир чораси жорий қилинади.

Бундан ташқари, илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда йўл ҳаракатини ташкил этишда ваколатли давлат органлари ва жамоат тузилмаларининг фаолиятини ва ўзаро ҳамкорлигини «Равон йўл» тамойили асосида ташкил этиш, мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ваколатлари доирасини аниқ белгилашни назарда тутган ҳолда, ушбу соҳадаги муносабатларни тўғридан-тўғри қонун нормалари билан тартибга солиш, «Йўл — пиёда учун» тамойилини кенг жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Стратегияда пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилиш ҳам кўзда тутилган. Қолаверса, қониқарсиз ҳолати ЙТҲга, айниқса ўлимга олиб келган йўл ёки муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари тасарруфида бўлган ташкилотлар ёки орган раҳбарларидан моддий зарарни ундириш тартиби жорий этилиб, уларнинг жавобгарлиги белгиланади.

Шунингдек, транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этиладиган «йўлда безорилик» ҳолатлари билан ифодаланадиган хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш белгиланган.

Бундан ташқари:

  • транспорт ва пиёдаларнинг ҳаракатни тўхтатиши ва бошлаши тўғрисида огоҳлантиришнинг замонавий сигнал берувчи тизимларини жорий этиш, пиёдалар учун янги турдаги ўтиш жойларини ташкил этиш;
  • шаҳар ва туманларнинг аҳоли гавжум жойларида пиёдалар йўлакларига пиёдалар бошқарадиган светофорлар ўрнатиш;
  • йирик бозорлар атрофида ушбу бозорлар даромадлари ҳисобидан кўп қаватли ёки ер ости автотураргоҳлари қурилишини ташкил этиш;
  • Умумтаълим муассасаларида «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари», маҳаллаларда «Йўл ҳаракатини ўрганиш майдончалари»ни ташкил этиш;
  • Мактабгача таълим муассасаларида болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини ўқитиш тизимини жорий этиб, йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий ҳамда кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйиш;
  • Жамоат ва махсус транспорт учун алоҳида ҳаракатланиш йўл полосаси ва замонавий велосипед йўлкаларини ташкил этиш;
  • Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ЙТҲларнинг олдини олиш, тирбандликларни масофадан туриб бартараф этиш мақсадида йўллардаги барча светофорларнинг ахборот бошқаруви тизимига уланишини таъминлаш, соҳага интеллектуал тизимларни жорий этиш белгиланган.

Аввалроқ президентнинг юқоридаги фармони асосида тасдиқланган Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги концепциясида транспорт инфратузилмасини, транспорт воситаларининг хавфсизлик стандартларини ва йўл ҳаракати қоидаларини такомиллаштириш орқали йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида етказиладиган зарар ва ўлим билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш белгилангани ҳақида ёзган эдик.