Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи қошида археологик топилмаларни ўрганиш ва тиклаш бўйича замонавий лаборатория ташкил этилди, деб хабар берди Туризм ва спорт вазирлиги. Соҳа мутахассислари учун маҳорат дарслари ўтказилиб, 95 та экспонат қайта тикланди.

Лабораторияни ташкил этиш — Корея Республикаси Маданий мерос фонди, Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги биргаликда 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон маданий меросини асраш бўйича ODA (Official Development Assistance) лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Лойиҳанинг мазкур босқичида — 700 минг АҚШ доллари сарфланган.


Музейининг мавжуд таъмирлаш лабораториясини модернизация қилиш мақсадида музей биносининг 4 қаватидаги кўргазмалар зали реконструкция қилиниб, замонавий таъмирлаш ускуналари ва инвентарлари билан таъминланди ва жиҳозланди. Музей қошидаги таъмирлаш лабораториясига 87 минг долларлик 120 дан ортиқ реставрация тўплами ва замонавий жиҳозлар келтирилди.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистондан 6 нафар мутахассис музей бойликларини реставрация қилиш услубларига ўқитилди. Улар музейда намойиш этилган бир қанча сопол ва металл буюмларини реконструкция қилди.

Шунингдек, Кореянинг концервация сирларини очиб берувчи замонавий ўқув-услубий қўлланма тақдим этилди.


«Ҳозирда Корея ҳукумати 2022 йилдан 2026 йилгача лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга оширишга тайёрланмоқда», — деди Ўзбекистон маданий меросини сақлаш лойиҳаси директори, Корея Маданий мерос жамғармаси вакили Ким Донгмин.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи Самарқанд вилояти ҳудудидаги ўрганилмаган тарихий ёдгорликларни ўрганиш ва уларни сайёҳлик объектларига айлантириш мақсадида Археология институти инфратузилмасини яхшилашни ўз ичига олади. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,8 млн АҚШ долларини ташкил этади ва 5 йил муддатга тақсимланади.

Лойиҳанинг иккала қисмида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва бошқариш, уларни тадқиқ қилиш ва қазиш давомида ўзаро тажриба алмашиш, замонавий археологик билим ва кўникмаларни такомиллаштириш, ёдгорликларни очиқ музей ҳолатига келтириш, уларни моддий-техника базаси билан таъминлаш, реставрация марказлари ва реставраторлар савиясини кўтариш кўзда тутилган.