Ноябрда истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,2%га қимматлашди. Йил бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 8,6% ни, йиллик нисбатда эса 10,3% ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.

Ноябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,9% га ошди. Ушбу даврда, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,8% га, аҳолига пуллик хизматлар нархлари 0,5% га ошди.

Йиллик нисбатда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 13,4% га ошиб, учта асосий гуруҳлар орасида нархлар ошиши бўйича етакчи бўлди. 2020 йилнинг ноябрь ойидан ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 7,9% га, хизматлар — 8,1% га ошган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар

Ноябрда асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан (мева-сабзавотлардан ташқари) ой давомида сезиларли даражада нархлар ўсиши тухум (5,4%), сут ва шакар (4,1%), товуқ болдири ва сон қисмлари (3,9%), бошқа товуқ гўшти (3,7%) нархларида қайд этилди. Буғдой уни нархлари ой давомида 1,6% га ошди. Шу билан бир қаторда, барча навдаги гуручлар ва гуруч оқшоғИ (-0,8%) ҳамда мол ва қўй гўшти (0,1−0,8% чегарасида) нархларида пасайиш қайд этилди.

2021 йилнинг январь-ноябрида маҳсулотларнинг асосий гуруҳлари орасида нархлар ошиши бўйича етакчи учликдан ёғ-мой маҳсулотлари (25,8%), сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар (13,6%) ҳамда шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (13,0%) ўрин олган.

Ўтган ойда мева-сабзавот маҳсулотларидан помидор (1,5 баробарга) ва булғор қалампири (1,4 баробар) нархлар ошиши бўйича етакчилик қилди. Бодринг ва бақлажон (1,3 баробарга) ҳамда карам (15,8%), саримсоқ (13,7%) ва картошка (10%) бошқаларга нисбатан сезиларли даражада қимматлашди. Ой давомида нархларнинг пасайиши бўйича сабзи (-24,9%), шолғом (-8,3%), турп (-7,0%), лавлаги (-5,2%), лимон (-4,4%) ва банан (-3,5%) етакчилик қилди. Нархлар ошиши бўйича йил бошидан ҳам, йиллик нисбатда ҳам сабзи (1,7 баробарга) етакчиликни ушлаб туришда давом этди.

Спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари

Ноябрда спиртли ичимликлар 1,2% га, жумладан, спиртли ичимликлар ва ликёрлар 1,3% га, пиво 1,2% га, вино 0,9% га қимматлашди. Тамаки маҳсулотлари ушбу даврда 0,4% га қимматлашди.

Йиллик нисбатда спиртли ичимликлар ўртача 10,5% га, тамаки маҳсулотлари нархлари 12,5% га ошди.

Турар жой ижараси, сув, эллектр токи, газ ва бошқа ёнилғи турлари

Ноябрь ойида турар жой ижараси учун тўловлар ой давомида 1,2% га қимматлашди. Шу билан бирга, асосий турдаги коммунал хизматлар тарифлари ва нархлари ўтган ойдаги даражада ўзгаришсиз қолди.

Турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича хизматлар 0,8% га қимматлашди. Қатор ҳудудларда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича тўловлари қимматлашди (0,6−0,8% чегарасида).

Соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлаш соҳасида кузатиладиган асосий товарлар ва хизматлардан ўтган ойда иммунизация бўйича хизматлари (1,1%) нархлар ошиши бўйича етакчи бўлди. Йил бошидан ҳамда йиллик нисбатда нархларнинг юқори даражада ошиши бўйича диагностика визуализацияси ва тиббий лабораториялар хизматлари (мос равишда 10,9% ва 12,6%) етакчи бўлди

Транспорт

Ноябрь ойида бензин нархларнинг ошиши бўйича етакчиликни сақлаб қолди. Ой давомида бензин яна 9,8% га қимматлашди. Пропан эса аксинча, ой давомида республика бўйича ўртача 7,2% га арзонлашган бўлса, метан нархлари ўтган ой даражасида қолди.

Йил бошидан бензин нархлари 1,6 баробарга, пропан 18,3% га, метан 3,5% га қимматлашди. 2020 йилнинг ноябрига нисбатан, бензин 1,7 баробарга, пропан 13,4% га, метан 4,7% га қимматлашди.

Мазкур бўлимнинг бошқа товарлар ва хизматлар гуруҳлари орасида 11 ойда ва йиллик нисбатда ҳам шахсий автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар бошқаларга нисбатан сезиларлироқ (мос равишда 14,5% ва 17,9%) қимматлашди.

Таълим соҳасидаги хизматлар

Ўтган ойда таълим соҳасида репетиторлар хизматлари (1%) ҳамда чет тили ва шунга ўхшаш таълим курсларида ўқиш (0,7%) учун тўловларнинг ошганлиги қайд этилган бўлса, ой давомида пуллик мактабгача ва олий таълим соҳаларидаги нархлар даражаси ўзгаришсиз қолди.

2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида, шунингдек йиллик нисбатда ҳам нархлар ошиши бўйича етакчилик давлат мактабгача таълим ташкилотлари хизматларига (15,0%) тегишли бўлди.

Ресторанлар ва меҳмонхона хизматлари

Кафе ва ошхоналардаги тайёр таомлар ой давомида 2,4−2,9% чегарасида қимматлашди.

Отеллар, меҳмонхоналар ва шу каби меҳмонхоналар ҳамда дам олиш марказлари хизматлари қиймати ўтган ой даражасида қолди.

Январь-ноябрь ойларида, шунингдек, йиллик нисбатда ҳам нархлар ошиши бўйича етакчилик дам олиш марказлари хизматларига тегишли бўлиб, уларнинг нархлари 18,2% га ошди.