Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Украина фуқароси ва яна 4 кишини молиявий пирамида ташкил этганликла гумонлаб, ҳибсга олди. ИИВ Тергов департаменти хабарига кўра, улар қимматбаҳо металлар олди-сотдиси билан шуғулланишни айтиб, фуқароларга катта фоизларни таклиф қилишган.

Таъкидланишича, 15 январь куни Украина фуқароси 29 ёшли М.М. бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, Тошкент шаҳрида «Golden Cash store» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасини таъсис этган.

Корхона Ўзбекистон фуқароларини корхонадан тилла ва кумуш буюмларни сотиб олиш йўли билан йиллик 260 фоизгача даромадни қўлга киритиш билан қизиқтирган.

Улар мижозлар олдидаги мажбуриятларини янги мижозлар ҳисобидан гўёки даромад сифатида Golden cash store пластик карталарига маълум миқдорда пул маблағларини ўтказиш билан қоплаб келгани айтилмоқда.

17 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан «Golden Cash Store» МЧЖ кўринишдаги хорижий корхона мансабдор ходимига нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 188−1 моддаси 2-қисми «в, г» бандлари (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган.

Давлат органининг маълумотига кўра, навбатдаги молиявий пирамида ташкилотчиларига Ўзбекистоннинг бир неча минг фуқароси мурожаат қилган. Уларнинг пул ўтказмалари 100 доллардан 5300 долларгачани такшил этган.

Ҳозирги вақтда мазкур жиноят иши бўйича фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда.