Келгуси беш йилда Ўзбекистонда 740 МВтлик 21 та йирик ГЭС қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Лойиҳа 30 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Келгуси йилда — 170 МВтлик 7 та, 2023−2024 йилларда — 150 МВтлик 12 та ҳамда 2025−2026 йилларда — 420 МВтлик 2 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Президент «ушбу иншоотларни сифатли қуриш ва барқарор ишлашини таъминлаш» бўйича кўрсатмалар берди, дейилади хабарда.

«Ўзбекгидроэнерго» компанияси қайта ташкил этилган 2017 йилдан бери 11 та янги ГЭС қурилди ва яна 8 таси модернизация қилинди. Натижада қўшимча 244 МВтлик электр энергия қуввати яратилди. Шунга қарамасдан, Ўзбекистоннинг гидроэнергетик салоҳиятининг ярмидан фойдаланилмоқда, дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев тўғон талаб этмайдиган кичик гидростанциялар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бунга хусусий секторни жалб қилиш кераклигини таъкидлади. Бугунги кунда 22 та шундай истиқболли майдон рўйхати шакллантирилган. Уларда қуввати 5 мегаваттгача бўлган мини ГЭС қуриш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Президент шунингдек, Норин, Сўх, Танхоз, Оқ булоқ, Угам каби дарёлар ва каналларда 500 кВтгача қувватга эга ихчам гидростанциялар ўрнатиш имконияти борлигини қайд этди. Бундай жойлар рўйхати аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилинади.

Бунда қуёш, шамол электр станциялари ўрнатгани учун аҳоли ва тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилган бўлса, кичик гидростанциялар учун ҳам шундай имтиёз ва субсидиялар қўлланилиши белгиланди.

Гидроиншоотларни ишлатиш учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Техника, ирригация ва архитектура йўналишидаги олий ўқув юртларида бунга алоҳида аҳамият қаратиш, уларда қурилиш ҳамда гидравлик лабораториялар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.